Унинг ҳар бир куни қаҳрамонликдир (видео)

Юксак мукофот соҳиблари

Хабарингиз бор, яқинда “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони матбуотда эълон қилинди.

Қувонарлиси шундаки, мазкур фармонга кўра мукофотланганлар қаторида фарғоналик 7 нафар тиббиёт ходими ҳам бор.

Суратда: II-даражали «Саломатлик» ордени соҳибаси Узейна  Юнусова.

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Узейнахон Юнусова ҳам юксак мукофотга сазовор бўлган ҳамкасбларимиздан бири.  У II-даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланди.

Узейна Юнусова тиббиёт соҳасидаги фаолиятини 1993 йилда мазкур шифохонада бошлаган эди. 27 йиллик тажрибага эга ҳамшира ўтган йиллар  давомида меҳнатсеварлиги, жонкуярлиги, меҳрибон ва ширинсўзлиги билан беморлар ҳамда ҳамкасблари орасида хурмат-эътибор қозонди.

2020 йил 22 март кунидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига коронавирус билан касалланган илк бемор ётқизилиб, даволаш ишлари бошланган куниданоқ Узейна  Юнусова биринчилардан бўлиб беморларни парваришлашга киришди ва 14 кун мобайнида ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. Орада бир муддат дам олгач, иккинчи маротаба яна 14 кун давомида касалликни бартараф қилиш йўлида кеча-ю кундуз меҳнат қилди.

Беморларни парваришлаш жараёни дастлаб жуда мураккаб кечди, кунига 12 соатдан ортиқ ишладик, – дейди қаҳрамонимиз. – Баъзи кунлари кечки навбатчиликда туриб, мутлақо ухламаган пайтларимиз бўлди. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам беморлардан ширин сўзимизни, меҳримизни аямадик. Уларни соғайиб кетишига ҳам дори-дармон билан ёрдам бердик, ҳам яхши сўз билан умид бағишлашга ҳаракат қилдик. Ҳамжиҳатликда қилган меҳнатимиз туфайли беморларимизнинг деярли барчаси тезда соғайиб, оиласи бағрига қайтди.

Коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни даволашда узлуксиз хамшира назоратини ўрнатиб, врачлар билан елкама-елка ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган Узейна  Юнусова Президентимиз фармонига асосан давлат мукофоти билан тақдирланганини эшитиб, барча чарчоқлари унутилди.

Ҳалигача, ҳаяжондан ўзимга келолмайман, – дейди ҳамшира. – Камтарона меҳнатимни юқори баҳолаб, мени юксак мукофотга лойиқ кўргани учун Юртбошимиздан миннатдорман. Бу мукофот янада самарали меҳнат қилишимда қўшимча куч беряпти.

Абдувосит СИДИҚОВ,

Фарғона вилояти соғлиқни Сақлаш бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг