«Дориларни кўр-кўрона қабул қилманг!»

Ҳозирда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда COVID-19 билан касалланганлар сони ортиб бормоқда.

Шу билан бир қаторда ижтимоий тармоқларда берилаётган турли хил тавсиялар халқимизни чалғишига сабаб бўлмоқда.

Фото: mininnovation.uz

COVID-19 билан оғриганлар ва уни енгил кечираётганлар учун қилиниши керак бўлган ишлар, ичиладиган дорилар бўйича расмий тавсиялар ишлаб чиқилган. Лекин ҳар бир шахс алоҳида индивид эканлигини унутмаслигимиз лозим.  Дориларни кўр-кўрона, ўзи билганича ичиш яхши оқибатларга олиб келмайди.

Одамлар ўзларидан кечаётган ҳолатларни — бу COVID-19 аломатларими, пневмониянинг бошланишими, ОРВИ ёки бошқа касаллик аломатими — ажратиб олиши қийин кечяпти. Бунинг натижасида эса билар-билмасдан маҳаллий доривор ўсимликлардан дамламалар ва дори воситалари қабул қилиняпти. Масалан, «Хрен ўсимлиги яхши экан», «Занжабил билан одамлар тузалибди» қабилидаги гаплар кўпайтган бўлиб, ушбу тавсиялар натижаси салбий оқибатлар юзага келяпти. Хрен ўсимлигини даво деб ҳисоблаган фуқаро ушбу дамламани кўп ичгани туфайли унда ошқозон яраси касаллиги қўзғалиб, қон кетиш кузатилган. Шунинг учун бирон нима қабул қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиб, кейин қабул қилишни бошлаганлигимиз мақбулдир. Чунки хар бир маҳсулот — хоҳ у дори воситаси бўлсин, хоҳ озиқ-овқат тури бўлсин, унинг ўзига яраша қўлланиладиган ва қўлланилиши мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд.

Шуни таъкидлаш жоизки, инсон организмидаги микроэлементлар, витаминлар етишмовчилиги қандайдир касаллик келтириб чиқарса, уларнинг меъёридан ортиб кетиши ҳам ўз навбатида организм учун зарар ҳисобланади.

Беморлар ҳолатини кузатишни енгиллаштириш, улар билан алоқани осонлаштириш ва фуқароларимиз ўзлари учун тўғри тавсияларни олишлари учун альтернатив усулларни қўллаш имкониятидан фойдаланса бўлади. Масалан, телефон орқали сўраб суриштириш, телеграм, месенжер ва видео конференц алоқа воситларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Доно халқимиз айтганидек: «Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйманг». Ҳар бир нотўғри ташхис ва унинг натижасида нотўғри дорилар қабул қилишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди.

Ёқутхон Мажидова

“Тиббиёт фанлари” бўйича Илмий-техник кенгаш аъзоси,

Тошкент педиатрия тиббиёт институти

“Неврология, болалар неврологияси ва тиббиёт генетикаси” кафедраси мудири,

Ўзбекистон Республикаси ССВ бош неврологи, т.ф.д., профессор

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг