Қоғозбозлик беморларни сақлаб қоладими?

Фото: Экономическая газета

Мен Тиббиёт инсититутининг талабасиман. Яқинда шифохоналардан биридаги пульмонология бўлимида амалиёт ўтадим. Амалиёт давомида шифокорларнинг масъулиятли ишларини кузатар эканман, бу соҳа вакилларига айни вазиятда қай даражада қийин бўлаётганини кўрдим.

Шу сабаб ҳурматли депутатлар-у, мутасаддиларни Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ортиқча қоғозбозликларга чек қўйиш масаласига эътибор қаратишга чақирмоқчиман. Оддийгина ўша бўлимнинг қабулхонасида бемор касалхонада ётиб даволанишини расмийлаштириш учун ярим соатдан ортиқ вақт кетаётганига тўғриси ачиндим. Чунки, беморнинг аҳволи яхшироқ бўлса майлига, оғир  бўлса-чи, унга шу ёзди-чиздилар ёқади, деб ўйлайсизми?

Айримлар шифокорларни савиясиз, тажрибасиз, дейишмоқда. Аслида эса барча шифокорлар ҳам билимсиз эмас, лекин уларнинг кўп вақтини турли ҳужжатли ишлар олмоқда. Улар ёзаверади, ёзаверади, кимга нимани ёзади, тушунмайсиз. Шифокорларнинг ойлик маоши фақат мана шундай ёзди-чиздиларга қараб тўланадими ёки беморлар ҳаётини сақлаб қолгани учунми?

Ҳамширалар-чи, битта беморни ҳароратини ўлчаса бешта дафтарга ёзишади. Касаллик тарихига дейсизми, шифокор журналига, катта ҳамширанинг журналига, қабул постидаги журналга, эҳ-ҳе бу  журнал деганларининг сон-саноғи йўқ. Бундан ташқари беморга соат нечидан нечигача ва қайси уколни қилганини ҳам худди шу тарзда ҳамма журналларга ёзади. Шундай ҳаддан ташқари расмиятчиликнинг нима ёки кимга кераги бор аслида? Бўлимда қандай  ишлар қилинаётгани фақат қоғозда кўринадими?

Сонлар, кўрсаткичларни қайд қилишнику бироз тушунса бўлади, аммо тиббиёт ходимлари ҳар ҳафтада бир кун бўладиган манавият соатида эшитганларини ҳам қайд қилиб қўйишлари кераклигига нима дейсиз?

Менимча,  инсонларнинг саломатлиги масаласида қоғозбозлик эмас, виждон асосий роль ўйнаса бугунгидан яхшироқ натижаларга эришилар эди. Зеро, қоғозда кўрсатилгани билан виждонан меҳнат қилинмаса бари бекор. Шифокорларга қоғоз билан эмас, кўпроқ бемор билан ишлашга шароит яратиш керак, шунда халқ улардан рози бўлади, кўнгли тўлади.

Саидакбар Ҳабибуллаев

fikrat.uz

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг