Султонали Бойигитов: «Фарғоналик шифокорлар касбига садоқат кўрсата олишди»

Коронавирус пандемияси бутун дунё аҳлига саломатлик бебаҳо бойлик эканлигини яна бир бор ёдга солди. Уни оддий касаллик эмаслигини юртдошларимиз тушуниб етяпти. Мамлакатимизда вирусни жиловлаш борасида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. 

Инфекциядан тузалиб, шифо топганларнинг сони кўпайиб бормоқда. Шундай бўлсада баъзида ўлим ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Шу боис уйда қолиш орқали ўз соғлигимизни асраш ўта муҳим.

Бугун туну кун вирус билан курашаётган шифокорларнинг меҳнатини барчамиз кўриб турибмиз.Айни пайтда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда касаллик ва касалланганлар орасида туриб, меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик, ҳақиқий фидойилик намунасидир.

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи Султонали Бойигитов билан мухбиримиз суҳбатда бўлди.

– Шифохона 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, 290 нафар тиббиёт ходимлари меҳнат қилади, – дейди С.Бойигитов. – Жорий йилнинг 22 март кунидан карантин эълон қилиниб коронавирус билан оғриган беморларга тиббий ёрдам кўрсатила бошланди. 33 ёшли аёл Туркия давлатидан келган илк бемор бўлди. Бутун жамоа ходимларига тўлиқ инструктаж ўтказилиб беморларни даволашга киришилди. Ухан шаҳрида касаллик аниқланган кундан бошлаб, шифохонамиз керакли шахсий ҳимоя кийимлари, дори-дармонлар, озиқ-овқат захираси билан таъминланди. Шу боис бизга қийинчилик туғилмади.

Вилоятда 157 нафар беморларни миллий даволаш қўлланмаси асосида текшириш, даволаш ишлари олиб борилиб, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Беморларга 4 маҳал иссиқ овқат етказиб берилди. Айниқса, Президентимиз коронавирус бўйича ҳар бир мурожаатида бизнинг меҳнатимизни эътироф этгани куч қувват бағишлади. 14 кунлик иш кунига қўшимча рағбатлантириш пуллари берилиши ҳам аслида яхши қўллов бўлди.

– Вирус қайси беморларда оғир кечди? Унда нималар кузатилди?

— Албатта, ҳар бир бемор доимо назоратимизда бўлиб, зарур даволаш муолажаларини стандартлар асосида олиб бордик. Сурункали касаллиги борларда ҳолат оғир кечди. Нафас ва юрак етишмовчилиги кучайган бемор сунъий нафас олиш аппаратига олинди. Тошкентлик ва хитойлик мутахассислар билан онлайн маслаҳат олинди. Афсуски, бир нафар бемор аёлда касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолати кузатилди. Бир нафар беморда коронавирус ташхиси қўйилган бўлсада, даволаш жараёни узоқ давом этди. Хитойлик мутахассислар билан онлайн мулоқотимизда уларда ҳам шундай ҳолат кузатилиб, 50 кундан ортиқ давом этганлигини айтишди. Бу ердаги 90 фоиздан ортиқ беморларда касаллик деярли енгил кечди.

– Жамоадаги шифокорларнинг кайфияти қандай? Касалликни юқтириб олишмадими?

– Шифохонада одам шунчаки ётмайди, касаллигига шифо топишни истайди. Айниқса, бизнинг юқумли касалликлар шифохонасида. Бу ерда тажрибали врач ва тиббиёт ходимлари жуда кўп. Асосийси, улар саросимага тушишмади. Бор меҳрини, куч-ғайратини беморларга бағишлай олди. Оиласидан бир неча кунлар ажралган ҳолда туну кун меҳнат қилди. Ҳатто мижжа қоқмаган кунлар бўлди. Ўзим 70 кун уйга бормадим, уйдагилар билан телефонда гаплашиб турдим. Бошқалар ҳам шундай. Улар ёнида кўринмас ёв турганлигини яхши билишарди. Касбига садоқат кўрсата олишди.

Ўктамжон Ҳомиджонов, Турсунали Мамажонов, Фурқатжон Дадабоев, Сайёджон Мамасидиқов, Ҳалимахон Зайналова, Аҳроржон Жакбаров, Улуғбек Султонов, Элёр Абдукаримов, Машҳура Болтабоева, Умида Ғофурова каби шифокорларимизнинг меҳнати таҳсинга лойиқ. Ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари чинакам фидоийлик кўрсатишди. Жамоамиздаги ҳар бир ходим белгиланган талабларга қатъий амал қилишди. Шу боис иш жараёнида вирусни юқтириб олиш ҳолати кузатилмади.

Дарддан фориғ бўлган беморларнинг дил сўзларини эшитиш бизларга катта далда бўлди десам янглишмайман. Вилоят ҳокимлиги ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, дори-дармон ва озиқ-овқат таъминотида муаммо бўлмади. Айниқса, шифохонамизда барча беморлар тўлиқ соғайгандаги жамоамизнинг хурсандчилигини айтмайсизми…Тез кунларда инфекциянинг занжирини узиб, барча беморлар тузалишига ишонамиз. Фақат бу ўзимизга боғлиқ, соғлик учун ҳеч қачон бефарқ бўлманг.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ суҳбатлашди

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг