Тўйга айтишмаса, хафа бўлмайман

2020 йил… Чиройли рақамли йилни қанча орзу-ниятларда кутиб олдик. Бошланиши ёмон бўлмади. Бироқ Хитойда бошланган вирусли касаллик секин-аста барча давлатларга ёйила борди. Бу касаллик қамровидан мамлакатимиз ҳам бенасиб қолмади. Гап Сovid 19 касаллиги ҳақида эмас. Унинг умуминсоний ёки умумиқтисодга зарари ҳақида ҳам эмас.

Карантин давридан бироз ўтиб, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиши мақсадида тўй ва маъракаларга, бозор ва дўконлар фаолиятига рухсат берилди. Айниқса, тўйлар 30 киши билан ўтказилиши кўпчиликка маъқул бўлди. Одамлар увол ва дабдабага асосланган тўйлардан ёшларнинг бахту иқболини кўзлаб ўтказиладиган ихчам тўйларни жуда кўп тарғиб қилишди. Демак, кўпчиликка бу иш маъқул бўлган. Аммо доим ишбузарлар чиқиб турган. Бир кунда ўттиз кишидан бўлиб-бўлиб меҳмон чақирганлар, атай қўни-қўшниникига меҳмон жойлаб, хонадонида 30 кишилик дастурхон ёзганлар тўғрисида кўп эшитдик. Афсуски, 30 кишилик тўйга келган юздан зиёд одамнинг касалликка чалингани ҳақидаям гап тарқалди. Баъзи ижтимоий тармоқларда сўровномалар ўтказилди. Айримлар 30, 50, 100 кишилик тўйларга овоз беришган. Демак, тўй қиламан, деб умрини меҳнатга совуриш одамларни бездирибди. Тўғри, сўровномаларда аҳолининг маълум қисми иштирок этади ва бу натижалар нисбий бўлиши мумкин. Лекин ортиқча орзу-ҳавас кўпчиликка керак эмаслиги аён бўлди.

Хуллас, тўёна борми, тўйларда ўтказиб қўйилгани борми, бу гапларни четга сурамиз ва тўйга айтилмаса, хафа бўлмаймиз. Мен 30 кишилик тўй қилган қўшниларим, дўстларим ва қариндошларимдан хафа эмасман. Мени айтмай тўғри қилдингиз. Оилангиздаги қувончга шерикман. Ёшлар учун дуодаман.

Ўрни келганда шуни ҳам айтмоқчиманки, бу тўйлар ёқмаганлар, карантин тугаб, ҳаммаси изга тушишини кутиб, тўйни ортга сураётганлар ҳақида ҳам эшитяпмиз. Бир куни ишга таксида кетаётсам, шаҳардаги бир меҳмонхонанинг ёнида беш-олти чиройли машина қатор турибди. Ҳайдовчи аввалига ҳайрон бўлди. Кейин «Санъат саройи» хиёбони бўйлаб машиналарни суратга олаётган тасвирчи, суратчиларни кўриб, тўй экан, шу ернинг ўзида ўттиз чоғли одам, базмда қанча бўларкан, деб қўйди. Демак, орзу-ҳавас ортидан ҳеч нарсадан қайтмайдиганлар бор.

Пандемия даври бизга кўп нарсани ўргатди. Хулоса чиқариш ўзимиздан. Лекин ҳамон кўзи очилмаган, фарзандининг бахтидан кўра ўзини кўз-кўз қилмоқчи бўлганлар бор.

Тўғри, кўпчиликнинг тўйига борганмиз. Тўғри қарз-ҳавола, тўёна деган гаплар бор. Буни ўзаро келишиб, ҳал қилиш ва ихчам тўйга рози бўлиш лозим. Ихчам тўйлар нафақат касаллик тарқалишини бошқа кўпгина жиҳатларни ҳам изига тушишига омил бўлади.

Уйимиз каттагина тўйхона ёнида жойлашган. Бу тўйхонада казо-казо тўйлар ўтказиларди. Кейин орқа эшикдан йирик идишларнинг беш-олтитасида озиқ-овқатлар исроф бўлиб, қаергадир олиб кетиларди. Дастлаб бу ҳолга ачиниб қарардим. Кейинчалик ўрганиб кетдим. Баъзида ош ва бошқа маросимдан кейин катта-катта аравалар чиқинди олиб кетаётганда шу маҳсулотлар қанча муҳтож оилаларни тўйдириши ҳақида ўйлар ва қийналардим.

Яқинда қўшним қиз узатди. Уч-тўрт аёл қизни олиб куёвникига кетишди. Ортидан дуо қилдим. Уч-тўрт кун ўтиб қўшнимни кўриб ҳол сўрадим. “Аллоҳ мушкулимни осон қилди. Қудам ош бермаганимизга яраша келин салом, қовурдоқ талаб қилса керак, деб хавотирда эдим. Аксинча, сизга ҳам, бизга ҳам осон бўлсин, дейишди”. Қани эди ҳамма шундай тушунган бўлса. Карантин қоидаларига қатъий амал қилинган кунларда ҳам тугун-терсак қилиб юрган аёлларни кўриб, одамлар қачон ортиқса орзу-ҳавасдан воз кечар экан, деб ўйлардим.

Халқ ҳамиша яхши ишларга бош қўшган, ташаббусларга эргашган. Ҳали олдинда омон-омон кунлар умиди бор. Яхши кунларга барчамизни саломатликда етказсин. Лекин пандемия даврида сабоқ бўлган кўп яхши томонлардан воз кечмасак нур устига нур бўлар эди.

Манзура ШАМС,

«fikrat»

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг