14 йил аввал башорат қилинган офат

Фото: zarnews.uz

Ҳали 2006 йилдаёқ бугунги коронавирус пандемиясининг содир бўлиши ҳақида огоҳлантирган америкалик эпидемиолог олим Ларри Бриллиант ҳозирги касаллик хуружи у кузатган эпидемиялар орасида энг хатарлиси эканлигини айтмоқда.

«Биз касалликни енгишимиз мумкин, бироқ бунинг учун кўп ишларни қилишимиз лозим. Бу бизни синовдан ўтказадиган ўта мураккаб давр бўлади», дейди у.

Ўтган асрнинг охирларида чечак касаллигини енгиб чиқишда бошчилик қилган бу шифокор келажакда яна нималар бўлиши ҳақидаги ўз фикрларини билдирди.

Ларри Бриллиантнинг айтишича, унда башоратгўйлик қилиш даъвоси йўқ. Аммо у бундан 14 йил аввал TED (ноёб ғоялар конференцияси) мажлисида сўзга чиқиб, бўлғуси пандемиянинг қай шаклда бўлиши тўғрисида маъруза қилган ва унинг фикрларини кўпчилик «ортиқча ваҳима», дея баҳолаган эди. У ўшанда қуйидагиларни айтганди:

«Миллиардлаб одамлар касаллик юқтиради, 165 миллион атрофидаги одам ўлади, 1-3 триллион доллар зарар оқибатида иқтисодий инқироз ва таназзул юзага келади. Бу эса ҳалок бўлган миллионлаб одамларнинг фожиасига қараганда оғирроқ бўлади. Чунки шунчалик кўп одам ҳам ишидан, ҳам даволанишдан маҳрум бўладики, бунинг оқибатларини тасаввур қилиш қийин».

Мана, бугун ўша хаёлга сиғдириб бўлмайдиган воқеа юз берди. Шу боис «Пандемияни тўхтатамиз!» ташкилоти кенгаши раиси Бриллиант бу борадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқчи.

Инсоният ҳали юз миллионлаб ўлимларни бошдан кечирмаган бўлсада, янги коронавирус аллақачон дунёнинг оёғини осмондан қилишга улгурди. Бунда Бриллиант: «Ана, мен айтмабмидим?!» дея ўзини кўрсатиш фикридан йироқ. Бироқ шуниси аниқки, нафақат минбар ва матбуот орқали, балки бугунги кунда уйда мажбуран ўтирганлар ўртасида янада оммалашиб бораётган «Мараз» («Заражение») фильмининг бош техник консультанти сифатида ҳам у яқинлашиб келаётган ана шу бало-қазо ҳақида одамларни огоҳлантирган эди. Чечак касаллигини йўқотишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига яқиндан ёрдам берган 75 ёшли бу шифокор бир вақтлар грипп, қоқшол ва юқумли касалликлар оқибатида кўр бўлиб қолишга ҳам қарши курашганди.

Биз у билан Доналд Трампнинг касаллик ҳақидаги: «Ташвишланишга ҳожат йўқ», деган фикридан қайтиб, пандемия хуружини тийиш ҳақида кўрсатма берган кунлар, яъни 17 март куни телефон орқали боғландик.

Суҳбатни бошлаганимизда, Бриллиант юқори мартабали ҳукумат мулозими билан телефон орқали суҳбатлашди. У киши Бриллиантдан: «Бизга бу касаллик қандай ёпишиб қолди», дея сўрабди.

– Мен эса бу касалликдан қандай қутулиш йўлини сўрайди, деб кутган эдим, — дейди шифокор (суҳбат таҳрирланган ва қисқартирилган шаклда берилмоқда).

– 2006 йилда TED анжуманидаги маърузангиз пайтида мен залда ўтирган эдим. Сиз ўшанда масъуллардан: «Менга пандемияни тўхтатишга ёрдам беринглар», деб сўрагандингиз. Шу илтимосингиз бажарилдими?

– Йўқ. Лекин мен ўшанда айтган тизимлар кейинчалик яратилди ва ҳозирда фойдаланилмоқда. Бунда шуниси ажойибки, биз шу баҳонада «Мараз» фильмини суратга олгандик.

– Энди ҳаммамиз уни қизиқиб томоша қиляпмиз.

– Кўпчилик «Мараз»ни башорат фильм, дея аташмоқда. Бунинг сабаби шундаки, биз уни илмий далиллар асосида суратга олганмиз. Сўнгги 10-15 йил ичида бутун эпидемиологик ҳамжамият аҳолини бундай пандемиянинг содир бўлишига шубҳа йўқлиги ҳақида огоҳлантириб келди. Савол фақат унинг қачон бошланишида эди. Одамларни бунга ишонтириш жуда қийин бўлди. Масалан, президент Трамп АҚШ миллий хавфсизлик кенгашидаги адмирал Симерни ишдан бўшатди. Ҳолбуки, у пандемиядан ҳимоя қилиш учун масъул бўлган юқори даражадаги ягона одам эди. У билан бирга унинг қўл остидаги барча ходимлар ва алоқадор шахслар ҳам кетишди. Кейин Трамп бошқа мамлакатлардаги аввалдан огоҳлантириш тизимини молиялаштиришни тўхтатди.

– Сизни бу мутлақо янги вирус бўлиши мумкинлиги ҳақида таъкидлаганингизни эшитдим.

– Тўғри, бироқ — бу ихтиро қилинган вирус, дегани эмас. Чунки у адабий ёки ҳуқуқий тўқима ҳикоя эмас.

– Афсус.

– Ҳақиқатан ҳам бу янги вирус. Шунинг учун ҳали дунёдаги бирор кишида унга қарши иммунитет шаклланган эмас. Бу эса ушбу касаллик дунёдаги 7,8 миллиард одамга юқиши мумкинлигини англатади.

– У янги бўлганлиги учун ҳам кишида бир қанча саволлар пайдо бўлади. Айтайлик, ушбу вирус билан оғриган беморда кейинчалик унга нисбатан иммунитет пайдо бўладими?

– Вирус янги бўлса ҳам, бунга тўсиқ бўладиган бирор омилни кўрмаяпман. Баъзи кишиларда касаллик қайталанаётгани ҳақидаги гапларга келсак, бу қайта оғриш эмас, балки текширувлар ноаниқлиги, деб ўйлайман. Миллион, миллиард одамлар оғриб ўтганларидан сўнг вирус яна юқиши мумкинми, деган саволга ижобий жавоб бериш мумкин. Аммо ўшанда бу ҳолат соғлиқни сақлаш ва эпидемиология учун бугунгидек катта муаммо касб этмайди.

– Сиз кузатган касалликлар хуружи орасида бу энг ёмоними?

– Бу – менинг ҳаётимда кузатганим ўта хавфли пандемия.

– Ҳозир одамлардан уйда ўтириш, бир-бирига яқинлашмаслик, бир жойга тўпланмасликни талаб қилишмоқда. Бу ортиқча эҳтиёткорлик эмасми?

– Менинг ўзим ҳам Калифорниянинг Марин округида карантинда ўтирибман. Биз эпидемиянинг дастлабки ўн икки ҳафтасида президентдан нуқул ижобий тавсиялар эшитдик. Бу қаттол вирусни аввал фейк, яъни демократларнинг тўқиган ёлғони, дея тақдим қилишди. Баъзи фуқароларимиз ҳалиям бу гапларга ишониб юришибди. Мен соғлиқни сақлаш вакили сифатида сайлаб қўйилган амалдорнинг бундай масъулиятсизликка йўл қўйганини биринчи марта кўриб турибман. Бу борада унинг кейинги кўрсатмаларини тўғри, деб ҳисоблайман. Ҳақиқатан ҳам ўқув муассасаларини ёпиш, ҳар хил тадбирларни тўхтатиш керак. Бу чоралар бизни тўлиқ муҳофаза қила оладими? Дунёни тамоман хавфсиз қила оладими? Албатта, йўқ. Биз бу билан касаллик юқиш суръатларини секинлаштириб, вақтдан ютишимиз мумкин, холос.

– Зарбасини юмшатиш маъносидами…

– Уни секинлаштириб ёки вақтни чўзиб, беморлар сонини албатта, камайтира олмаймиз. Аммо келажакда касалланажак одамларга вакцина яратиш учун вақтдан ютамиз. Бу учун бир-бир ярим йиллар зарур бўлади. Эпидемиологларнинг бу мақсадга эришувларига ишонаман.

– Бу нимани англатади?

– Биринчидан, оғриб ўтган кишиларда касалликка нисбатан иммунитет пайдо бўлади. Иккинчидан, у пайтга қадар вакцина яратилади. Буларнинг уйғунлашуви 70-80 фоиз аҳолида «жамоавий иммунитет» пайдо қилади. Мен COVID-19 ни нафақат даволайдиган, балки унинг олдини оладиган препарат яратилишидан умид қилаяпман. Ҳозирча менинг гапларим асосланмагандек туюлиши мумкин. Шу боис кўпчилик бунга ишонмайди. Мана, дейлик СПИД касаллигини даволаб бўлмайди деб, беморга ўлим ҳукми ўқилар эди. Кейинчалик шу нарса маълум бўлдики, антивирус препаратларнинг баъзилари ушбу касалликнинг олдини олиш хусусиятига эга экан.

– Шундай қилиб, қачон уйдан чиқиб, ишга қайтишимиз мумкин бўлади?

– Қуйидаги уч ишни амалга оширмасдан туриб, биз одатий дунёмизга қайта олмаймиз. Биринчидан, касаллик кўлами ҳақида тўла маълумотга эга бўлмоғимиз лозим. Иккинчидан, уни даволаш учун вакцина ёки препарат яратишимиз керак. Учинчидан, энг муҳими: коронавирус билан оғриганларнинг барчасида иммунитет ҳосил бўлганлигига, улардан қайта касаллик тарқалмаслигига қатъий ишонч ҳосил қилмоғимиз даркор. Бу ҳақда уларга соғлиқлари ҳақида гувоҳнома бериладими ёки муҳр билан тасдиқланган маълумотномами, нима бўлганда ҳам, ўқитувчилар, врачлар, ҳамширалар, полициячилар, ўт ўчирувчилар ва бошқаларнинг соғлом эканликларига тўлиқ ишонч ҳосил қилишимиз керак бўлади. Ана шундагина болаларимизни мактабга юборишимиз мумкин. Юқоридаги уч шарт бажарилган ҳолдагина биз ўзимизни тамоман бехавотир сеза оламиз.

– Ушбу вазиятнинг бирор-бир яхшилик томони ҳам борми?

– Мен олим бўлишим билан бирга художўй одамман ва касалликни ўрганиш давомида биз илоҳий бир кучнинг эзгу мададига умид қилиб ишлаймиз. Мана, қаранг, гарчанд кўчаларимиз ҳувиллаб қолган бўлсада, кишиларимизнинг ижтимоий ҳамкорлиги кутганимдан ҳам кўра зиёда. Мен ёшларнинг кексаларга ғамхўрликлари ортганини кўраяпман, касалхоналардаги шифокорларимизнинг ҳар қачонгидан ҳам фидойиликларига гувоҳ бўлмоқдаман. Улар ҳеч нарсадан қўрқмасдан, мараз вирусга қарши курашмоқда. Мен ҳеч қачон бу миқёсдаги волонтёрлик (ҳожатбарорлик)ни кузатмаган эдим. Аммо уларни бугунги юзага келган оғир вазият шунга мажбур қиляпти, деган фикрдан ҳам йироқман. Нима бўлганда ҳам бугунги мураккаб давр ҳаммамизни синовдан ўтказмоқда. Биз ушбу муаммони бартараф этсак, худди Иккинчи жаҳон уруши мамлакатимиздаги сиёсий фарқларни бир чеккага суриб, ҳаммамизни бирлаштирганини ёдимизга солади, деб ўйлайман. Бу вирус тенг ҳуқуқликни даъво қилмоқда. У барчани кимлигидан қатъи назар, ажратмасдан ўз комига олмоқда. Шу боис бизлар ҳам орамиздаги фарқларни бир чеккага суриб қўйиб, ўзимизни янада тузатиб, бир-биримизни тенг кўришимиз сари энг оқилона йўлга тушиб олишимиз лозим.

Стивен ЛEВИ суҳбатлашди.

Рус тилидан Худойберди КОМИЛОВ таржимаси.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг