Овқатдан ҳам маст бўлиш мумкин(ми?)

АҚШнинг Нью-Жерси штатида истиқомат қилувчи 49 ёшли Дэнни Жаннотто ўта кам учрайдиган касалликка йўлиқди — ошқозони егани овқати таркибидаги углеводлар ва шакарни этанол (спирт)га айлантиришни бошлади. Бу хақда «Хабар» ёзмоқда.

Фото: «Lad Bible»

Жаннотто маст ҳолда машина бошқарганликда айбланиб, кўп маротаба полиция томонидан ҳибсга олинган. Алкотестерлар белиланган меъёр беш карра ошиб кетганини кўрсатган. Ҳолбуки, Жаннотто умуман спиртли ичимликлар ичмайди.

Ёлғон айбловлардан чарчаган Дэнни тиббий кўрикдан ўтишга қарор қилди. Орадан бир ой ўтиб ташхис чиқди — ичак ферментацияси синдроми.

Жанноттонинг ошқозони углеводни алкоголга айлантиради. Оддий бир бўлак пирог ҳам уни маст қилиши мумкин…

Врачларнинг хулосасини кўриб, «спиртли ичимлик ичиб машина бошқарганлик бўйича» айбловларни олиб ташлашди. Жаннотто маст бўлишига овқат сабабчи бўлаётганини судда исботлаб бера олди.

Ташхис чиққунига қадар нафақат полиция ва суд, балки ҳамкасблари, дўстлари, ҳатто онасига ҳам Жаннотто пиёниста эмаслигини уқтира олмаётганди.

Бу дард билан яшаш осонмас, Дэнни севимли егуликлари — пицца, торт, ҳатто нонни ҳам бинойидек ейишдан маҳрум. Ҳушёрликни йўқотмаслик учун фақат парҳез тутиши: гўшт, балиқ ва яшил сабзавотлар ейиши шарт.

«Одамлар барибир ишонишмайди. Аммо бу улар ўйлаганчалик кулгили эмас. Мени тушуниш учун аҳволимга тушиб кўриш керак», — дея дардини ёрган Жаннотто.

Худди шу касалликка Солт-Лейк-Ситида яшовчи 26 ёшли Алисса Келш ҳам мубтало бўлганди. Ундаги синдромни ҳар хил антиботикларни қабул қилиш уйғотганди. Маълум даволаниш курсларидан сўнг аёлнинг қони таркибида этанол камайишни бошлаган.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг