Аввал ҳам пандемия бўлганми?

Ҳа, албатта, бўлган. Аввалги пандемия ҳодисаси ўтган асрнинг 60-йиллари ниҳоясига тўғри келади. Ўшанда ўта хавфли касаллик бўлмиш вабо (холера)нинг 8-пандемияси юз берган.

Пандемия битта юқумли касалликнинг бир неча давлатларга тарқалиб кетишидир. 8-вабо пандемияси 1961–1968 йиллар давомида 25 та мамлакатга тарқалган. Кейинчалик касалликнинг эпидемик авж олиши жануби-шарқий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африканинг 50 дан ортиқ мамлакатларида кузатилган. Шу йиллари вабо, ҳаттоки, Собиқ Совет иттифоқи ҳудудларига ҳам кириб келган. Касаллик шу тариқа дунёда юз минглаб аҳолининг ёстиғини қуритган.

 Ўша даврга хос бир воқеани мисол келтирмоқчиман. Бир катта шаҳар аҳолиси орасида вабо тарқалган ва қисқа вақт ичида юзлаб одамлар шу касалликка чалинган. Беморларнинг ичи кетган, оғриқ ва сувсизланиш бир неча кун ичида уларнинг мадорини қуритган. Аста-секин улар ўла бошлаган. Шаҳар раҳбарлари унга қарши турли чора-тадбирлар қўллашган. Ҳатто, самолётда шаҳар устидан хлорли эритмалар сепишган, аммо сезиларли натижа бўлмаган. Кейинчалик шаҳарга кириш ва чиқишни ҳам тақиқлаб қўйишган. Аввалига бирмунча ютуққа эришилган бўлса-да, бироз ўтиб, касаллик яна авж олган.

Вабо касаллигининг қўзғатувчиси туриб қолган, яхши оқмайдиган, ифлосланган сув ҳисобланади. Ушбу сувни қайнатмасдан ичган одамларга оғиз орқали (ҳаво-томчи йўли билан эмас) юқади. Кейин минглаб микроблар беморнинг нажаси (ахлати) билан яна ташқарига чиқади.

Эътиборлиси, шундаки, ўша пайтларда жуда кўп одамларнинг ҳожатхонаси сув ва сув ҳавзалари қирғоғида жойлашган. Ёмғирли кунлар кўпайса, ҳожатхонадаги нажаслар эриб, сизиб, катта сув оқимига тушаверган. Оқибатда касаллик қўзғатувчиси тарқалишига имкон туғилган.

Хасталикни бартараф этиш учун ҳаммага сувни қайнатиб ичиш буюрилган. Қайнатмасдан ичиш касалликка олиб келиши аҳолига тушунтирилган. Бироқ қанча уринишларга қарамай, эпидемия тўхтамаган. Сув ва сув ҳавзаларининг атрофи ҳожатхона ва ахлатхоналардан мутлақо тозаланган. Мана, 50 йилдан ошибдики, вабо касаллиги бу ҳудудларда учрамайди.

2-3 йил аввал шундай катта азим Тошкент ҳудудидан оқиб ўтадиган сув ҳавзалари ва каналларнинг ён-атрофига, ичига қарашга уялардик. Давлатимиз раҳбари юқоридаги воқеани аввалдан билгандек дарё ва сув ҳавзаларининг қирғоқлари, ичини тозалаш ва қайтадан таъмирлашни йўлга қўйди. Бу улкан ғамхўрлик бўлиш баробарида, турли касалликларнинг олдини олишга қаратилган чора бўлганининг бугун гувоҳи бўлиб турибмиз.

Дунёда шундай инсонлар борки, улар касалликни енгиш учун ҳеч нарсадан қўрқмай, керак бўлса, жонини фидо қилади. Улар шифокор-микробиологлардир. Бу тоифадаги тиббиёт ходимлари бир умр кўринмас ва гапирмайдиган «душман»лар билан кураш олиб боради. Афсуски, айримлари ўзига юқтириб ҳам олишади. Уларнинг нечтаси шу тариқа ҳаётдан кўз юмган.

Мен деярли 40 йилдан бери кўринмайдиган, гапирмайдиган «душман»лар билан курашиб келаётган микробиолог, лепролог, профессорман. «Душман»ларим билан қандай ишлашни яхши биламан. Улар билан ишлаш учун олдин қўлларимни яхшилаб юваман. Албатта, оғиз-бурнимга ниқоб тақаман, чунки уларнинг асосий қисми оғиз ёки бурун, нафас йўли орқали юқади.

«Душман»ларим (микроблар) одам ҳарорати каби 36,5—37,0 ҳароратни яхши кўради. Намлик етарли бўлмаса, тўполон қилиб қолиши мумкин. Овқат, оқсиллар, аминокислоталар ва витаминларга жуда талабчан. Айниқса, ёш мол ёки қуён гўшти қайнатмасидан тайёрланган бульонларни жуда хуш кўради. Термостатга солиб қўйсангиз, 2-3 кун ичида гуркираб кўпаяди. Аммо улар талаб қилган озиқ-овқатлар ва шароитларни яратмасангиз, сиз микроблар билан ишлай олмайсиз.

Дарҳақиқат, ҳар қандай юқумли касалликлар билан курашиш учун, албатта, унинг чақирувчиси, яъни қўзғатувчисининг қандай микроб ёки вирус эканлигини яхши билишимиз керак. Микробиолог ва вирусологлар томонидан фанга маълум бўлган асосий микроорганизмларнинг хусусиятлари, қандай тарқалиши, манбаси ва юқиш йўллари аллақачон ўрганиб бўлинган. Биз уларга фақат риоя қилишимиз керак.

Эгамберди ЭШБОЕВ,
тиббиёт фанлари доктори
Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг