Сиам эгизаклари

Самарқандда туғилган Сиам эгизаклари сўнгги кунларда «интернетни портлатган» мавзулардан бири бўлиб турибди. Болаларнинг бундай бирикиб кетишига нималар сабаб бўлади? Яна қандай кўринишларда бўлиши мумкин?

Фото: Fergana.agency

Маълумки эгизаклар монозиготали (битта тухумдан ривожланган) ва дизиготали (иккита тухумдан ривожланган) бўлади. Монозиготали эгизаклар кам учраб, мингта ҳомиладорликка 3-4 та тадан тўғри келади. Уларнинг генетик материали ҳам бир ҳил бўлади. Дизиготали эгизакларни эса генетик коди икки ҳил бўлиб, бу нуқтаи назардан ака-ука ёки опа-сингил дейиш мумкин.

Уруғланган тухум ҳужайранинг қайси даврда бўлинишига кўра монозиготали эгиз ҳомиладорликнинг бир нечта турлари бор:

  1. Жуда кам ҳолларда (1%га яқин) бўлиниш анча кеч – амнион қопча ва хорион пайдо бўлгач юзага келади. Бунда эгизаклар умумий йўлдош ва умумий қоғаноқ бўшлиғига эга бўлади.
  2. Агар бўлиниш уруғланган тухум ҳужайрадан пуфакча ҳосил бўлган вақтга тўғри келса, битта хорион ва йўлдошга эга, иккита қоғаноқ бўшлиғига эга ҳомиладорлик ривожланади. Бу нисбатан кўп учрайдиган ҳолат.

Битишиб кетган ёки Сиам эгизаклари монозиготали ҳомиладорлик бўлиб, одатда бир ҳил генетик материалга ва битта жинсга эга бўлади. Бундай эгизакларда бўлиниш уруғланишдан сўнг 13 кундан кечикиб кетади. Шу тариқа тўлиқ бўлинишга улгурмаган, монозиготали эгиз ҳомиладорлик ривожланади.

Сиам эгизаклари орасида аёл жинслилари эркак жинслиларига нисбатан 3 баробар кўп учрайди. Шунингдек ушбу эгизаклар кўпинча Ҳиндистон ва Африка мамлакатларида туғилади. Кўпгина Сиам эгизаклари ҳомиладорлик давридаёқ ўсишдан тўхтайди ёки тушиб қолади. Тўртдан уч қисми ёки ўлик туғилади ёки туғилгач бироз муддат ўтиб вафот этишади. Улар таҳминан 200 000 туғруққа битта тўғри келади.

Айрим эгизакларда умумий аъзолар бўлса, айримларида фақатгина тери ёпишиб туради. Бирикиш ҳолатига кўра бир нечта турларга бўлинади:

— Торакопаглар: кўкрак қафаси ёпишган, тахминан 35%;

— Омфалопаглар: белдан кўкрак қафасигача оралиқда ёпишган, тахминан 30%;

— Пикопаглар: умуртқа поғонаси ёпишган, тахминан 19%;

— «Паразит эгизак»: нисбатан кам учрайдиган тип бўлиб, соғлом эгизагига бош, қўл ёки оёқ ёпишиб қолади.

Бирикиш нега юзага келади? Бунга кўплаб омиллар сабаб бўлади. Улар қаторига генетик омил, атроф-муҳит, токсик моддалар таъсирини киритиш мумкин. Бир тажрибада ҳайвонларга бутун ҳомиладорлиги даврида психотроп моддалар бериб, сиам эгизаклари туғилиши ўрганилган ва ушбу ҳайвонларнинг 80% қисмида сиам эгизаклари туғилган.

Ўзаро қўшилиб кетиш каби қўпол нуқсонга эга бўлсада ҳаётда маълум ютуқларга эришган Сиам эгизаклари ҳам бор. Шунингдек уларни ажратиш устида олиб борилган ва муваффақиятли тугалланган операциялар ҳам мавжуд.

Хуршид Якубжонов,

шифокор.

Фурқат тумани

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг