«Ҳаммаси дарз кетмоқда» — бош инфекционист соғлиқни сақлаш тизимидаги аҳвол ҳақида

Фото: rses.uz

23 июндан бошлаб Ўзбекистонда COVID-19 ҳолатларининг ҳар кунлик кўпайиши камида 200 та ҳолатни ташкил этмоқда. Ўтган ҳафта давомида коронавирус билан касалланган беморлар орасида ўлим ҳолатларининг сонида ҳам ўсиш кузатилди.

2 июль соат 19:00 ҳолатига кўра, COVID-19 касаллигидан 3000 дан ортиқ бемор даволанмоқда (қарийб 9000 та ҳолат аниқланди, 5900 нафарга яқин одам тузалди, 27 киши вафот этди).

Соғлиқни сақлаш вазирининг 25 мартдаги буйруғига («Газета.uz»да нусхаси бор) биноан мамлакатдаги бир қатор тиббиёт муассасалари коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун қисман қайта жиҳозланган.

Тошкент шаҳрида COVID-19 билан касалланган беморларни касалхонага ётқизиш учун 2833 захира ётоқ жойлари ташкил этилди — Вирусология илмий-текшириш институтида (200), Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институтида (200), Тошкент тиббиёт академиясида (1514), 1-сон шаҳар касалхонасида (200) 423), 4-сон шаҳар касалхонаси (396) ва 2-сон болалар юқумли касалликлар шифохонаси (100).

Қорақалпоғистонда ва бошқа вилоятларда қайта жиҳозланган тиббиёт муассасаларида 3830 та ётоқ жой ажратилган.

5 июлдан бошлаб касалликни асоратларсиз бошдан кечираётган беморларни уйда даволанишига рухсат берилади. Касалланганлар билан алоқада бўлган инсонлар карантинни уйда ёки меҳмонхонада ўташлари мумкин.

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош инфекционисти Эркин Мусабаев «Газете.uz» билан суҳбатда COVID-19 қурбонлари сонининг ўсиши, шу жумладан, пандемиянинг билвосита қурбонлари, асоратларсиз кечаётган касалликни уй шароитида даволаш, антитаначалар учун олинаётган тестлар ва статистикани пасайтириб кўрсатиш эҳтимоли ҳақида айтиб ўтди.

— Коронавирус қурбонлари кўпайишининг сабаби нимада? Сўнгги бир ҳафта ичида (25 июнь — 1 июль) 7 та ўлим қайд этилди. Бунгача, икки ҳафта ичида (10−24 июнь) фақат битта ўлим ҳақида хабар берилган эди.

— Келинг, ҳисоблайлик. Ҳозир вафот этганлар сони 27. Беморларнинг сони эса кундан-кунга қанчага кўпаймоқда? Ўртача 200−250 нафар. Бунга қадар ҳар куни 40, 50, 100 нафарга кўпайиб борган. Тузалиб кетганлар сони 5800 нафардан ошган, ўлганлар — 27. Бу тахминан 0,5% атрофида. Бу жуда яхши кўрсаткич.

Биз имкон қадар барчани касалхонага ётқизамиз. Келинг, келгусида ҳам шундай ётқизишда давом эттирсак, нима бўлишини ва бу нимага олиб келишини тасаввур қилиб кўрамиз.

Айтайлик, биз бюджетдан бир тийин олмаймиз, янги касалхоналар очмаймиз. Мисол қилиб бизнинг Вирусология илмий-тадқиқот институти касалхонасини олсак. Бизда йилига 3000 га яқин жигар циррози билан оғриган беморлар даволанади. Циррозни бутунлай даволаш мумкин эмас. Агар даволанишни ҳар чоракда ёки олти ойда бир марта ўтказмасак, унда одам ўртача 5−6 йил яшайди. Агар биз уни тўғри йўналтирсак, умрини 15 йилга узайтирамиз. Бу яхши натижа. Агар у молиявий имкониятларга эга бўлса, у жигарни қисман трансплантация қилиши мумкин, бутунлай эмас.

Биласизки, тўртинчи ой давомида бизнинг клиникамиз карантинга ёпилган. Бир йилда жигар циррози билан оғриган 3000 нафар беморни қабул қилсак, демак ҳозиргача бизнинг ихтисослашган бўлимимиз бутун республика бўйлаб деярли 1000 нафар беморни қабул қила олмади. Ўртача 1000 нафар бемор шу пайт давомида даволана олмади. Мен тахмин қилишимча, шу вақт ичида 200 га яқин бемор COVID-19 дан эмас, балки цирроздан вафот этди. Тушуняпсизми?

Агар биз коронавирус билан оғриган барча беморларни қабул қилишни давом эттирсак, кейинги босқичда кардиология марказини ёпиш керак бўлади, бу эса даҳшат. Қанчадан-қанча беморлар COVID-19 дан эмас, балки юрак хуружидан вафот этишади. Кейин биз яна қандайдир бошқа клиникани ёпамиз, туғруқхонани ёпамиз, шароитлар кескин ёмонлашади, кейин эса шунчаки туғруқ пайтида ўлишни бошлашади. Айнан шу ҳодиса Италияда ва бошқа мамлакатларда содир бўлган — бу соғлиқни сақлаш тизимининг фалажланиши.

30 июнь куни мен коронавирусни даволашда заиф жойни топишга ҳаракат қилаётган ҳамкасбларингизга интервью бердим. Улар нима учун беморларнинг ўз вақтида касалхонага ётқизилмаганини сўрадилар. Ҳа, беморлар унчалик кўп бўлмаган даврда, биз клиникаларни ёпиб бўлса ҳам, даволаш ишларини олиб бордик. Яна бизнинг Вирусология илмий-тадқиқот институтидаги клиникамизнинг мисолида — мамлакатда 25 киши коронавирусдан вафот этган бўлса, сизга айтганимдек, жигар циррозидан, тўлиқ даволана олмаганлиги сабабли вафот этганлар сони — 10 баравар кўпроқ.

Шифохона бошқа тоифадаги касалларни қабул қилаверса, шунақа бўлади. Булар COVID-19 пандемиясининг билвосита қурбонлари дейилади. Сиз журналист сифатида бу ҳақда айтишингиз керак.

Албатта, ҳозир резонанс юзага келади: «Қанақасига? Бу касаллик ҳақида матбуотда жуда кўп маълумотлар тарқалди ва энди тўсатдан уни уйда даволаш мумкин эканлиги айтилса». Биринчидан, дунёнинг ҳеч бир жойида беморлар 100% касалхонага ётқизилмаган. Бир қатор давлатлар ҳатто коронавируснинг енгил ва асоратларсиз шакллари ҳақида хабар бермайдилар. Шунинг учун, энди ўлим ҳолатларининг маълум бир даражада ўсиши кузатилиши мумкин. Касаллик жуда ҳийлали ва айёр — у асоратларсиз тарзда кечади, кейин бирдан икки томонлама пневмония бошланади, бу ҳар доим ҳам яхши якунланмайди.

— 5 июлдан бошлаб коронавирусни асоратларсиз ўтказаётган беморларга уйда даволанишга рухсат берилди. Бу қандай тартибга солинади?

— Албатта, бемор шифохонанинг назорати остида даволанса бу у учун яхшироқдир. Лекин ҳозир бизнинг мутахассисларимиз миллий даволаниш протоколини ишлаб чиқишди, шифокорларимизни тайёрлашди ва уйда даволанаётган коронавирус беморларига қўнғироқ қилиш орқали тўғри текширув алгоритмини ишлаб чиқишди.

Асосий асоратлар бор, агар улар пайдо бўлса, тез ёрдам чақиришингиз ва ушбу беморни касалхонага олиб боришингиз керак.

Тизим қачон ишлайди? Мана ҳозир энди юқори даражадаги қарор қабул қилинди.

— Ўзбекистонда коронавирус билан оғриган беморлар учун қанча жой керак? Касалхоналаримиз қанчалик тўлган?

— Касалхоналардаги тўшакларнинг аниқ сонини Соғлиқни сақлаш вазирлиги билади, аммо ҳозир ҳаммаси дарз кетмоқда (интервью нашр этилган пайтда коронавирус билан даволанаётган беморлар сони 3030 нафар эди — таҳр.).

Шунинг учун энди имкон қадар тезроқ беморни амбулатор даволаш усулини йўлга қўйиш керак.

Бизда симптомларсиз беморларнинг сони умумий касалланганларнинг тахминан 60 фоизини ташкил қилади. Дастлаб жиддийроқ касаллар кўп бўлган, кейинчалик тахминан икки ойдан кейин асоратларсиз беморлар кўпайиб кетган.

— Аввалроқ, ушбу ҳафтадан бошлаб аҳолини COVID-19га қарши антитаначаларга тестдан ўтказишни бошлашлари ҳақида хабар берилган эди. Қанча тест ўтказилиши режалаштирилган? Синов учун одамлар қандай танланади?

— Ҳозирда менинг ишчиларим бунинг устида ишламоқда. Бизда автоматлаштирилган анализ таҳлиллари учун дастур мавжуд. Биз буни Тошкентдаги 10 та клиникада йўлга қўямиз.

Биз июль ойининг бошиданоқ бошлашга тайёр эдик. Бизда антитаначалар учун 86 мингта бепул тестлар мавжуд, улардан 15 мингтаси пойтахтда. Бу биринчи қадам. Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларига антитаначалар учун тестлар ўтказишга рухсат берилди.

Алоҳида танлов механизми бўлмайди. Ҳар ким синовдан ўтиши мумкин. Шундан кейин биз намуналарни текширамиз ва касалланган ва касалликни бошдан ўтказганларнинг ҳақиқий сонини билиб оламиз.

Ушбу синов нима учун керак? Кўпгина беморлар аллақачон коронавируснинг асоратсиз шакли билан касалланиб, тузалишга улгурган ва бу ҳақда ҳатто билмасликлари мумкин. Аммо натижаларимиз нимани кўрсатишини билмайман. Биз эпидемиянинг умумий жараёнини қандай ўтаётганини билишимиз керак.

Антитаначалар касалликнинг энг баланд нуқтасида пайдо бўлиши мумкин, шунинг учун организмда вируснинг бор ёки йўқлигини билиш тавсия этилади. Аммо агар бу инсонда вируслар бўлмаса, аммо антитаначалар бўлса, демак, у ҳимояга эга бўлган инсондир.

— Яқинда антитаначалар маълум вақтдан кейин йўқолиши мумкинлиги ҳақидаги тадқиқот ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

— Ҳа, улар икки ойдан кейин йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бундай тадқиқотлар мавжуд. Ушбу ҳолат нафақат COVID-19, балки бошқа нафас олиш йўллари орқали юқувчи инфекциялар билан ҳам боғлиқ. Аммо антитаначалар бўлмаса, бу иммунитет ҳужайраларида вирус билан дуч келганлик ҳақида хотиралар бўлмайди дегани эмас. Яъни, вирус танага қайтгач, ҳужайралар — иммуноцитлар (Т- ва Б-лимфоцитлар) антитаначаларни ишлаб чиққанликларини эслашади.

Тасаввур қилинг, антитаначалар бу дўкон жавонларидаги маҳсулотлар. Товарлар тугади, харидор сиздан: менга соқол олиш лосьонини беринг, деб сўрайди. Ва сиз жавонларда қолганини, лекин сизда складда (захирада) борлигини айтасиз. Буям худди шу нарса. Аммо шуни таъкидлаш керакки, коронавирус ҳақида маълумотлар доимий равишда ўзгариб туради.

— Республика махсус комиссиясининг яқинда қабул қилган қарорида айтилишича, жамоат жойлари ва тадбиркорлик объектлари ҳудудларида фуқаролар 2 метрдан иборат ижтимоий масофа сақлашлари ва тиббий ниқоблар ва қўлқопларда бўлишлари керак. Яъни, гарчи ЖССТ қўлқоплардан фойдаланишни тавсия этмагам бўлсада, қўлқоп кийиш шарт.

— Мен ушбу тавсияларни ишлаб чиқишда қатнашмадим. Бу ҳақда мендан сўрашмади. Агар бу қарор чиққан бўлса, унда мен расмий ҳужжат билан баҳслашмайман.

Мен билан ҳеч ким қўлқоп борасида маслаҳатлашмади. Агар маслаҳатлашганларида, қарор бироз бошқача бўлиши мумкин эди.

Нафақат мен билан, балки жиддий илмий мақолаларни ўқийдиган бошқа олимлар билан ҳам.

— Одамлар шунингдек, нима учун 23:00 дан 7:00 гача фуқароларга кўчада ва кўп қаватли бинолар мавжуд кўчаларда юриш тақиқланганлигини сўрашмоқда. Ушбу чекловнинг сабаби нима? Кечаси вирус бошқача ҳаракат қиладими?

— Бу ҳақда ҳам мен билан ҳеч ким маслаҳатлашмаган. Балки бунга соат 23:00дан 7:00гача ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари карантин талабларига риоя қилинишини назорат қилишларининг қийинлашиши сабабдир.

— Ўзбекистонда хотиржамлик учун коронавирус статистикасини камайтиришадими? Яхшилик учун ёлғоннинг бир тури сифатида.

— Биласизми… Мен аниқ айтишим мумкинки, ҳозирда аввалгидек ҳеч қандай талаблар қўйилаётгани йўқ. Агар маҳаллий даражада ёки бепарволик оқибати ёки бошқа сабабларга кўра бунга йўл қўйилаётган бўлса, демак, статистика анча паст бўлиши табиий.

Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳақиқий касаллик кўрсаткичлари ва қайд этилган касаллик кўрсаткичлари мавжуд. Биз ҳамма нарсани синчковлик билан олиб борсак ҳам, ҳар қандай ҳолатда ҳам қайд этилган касалликлар кўрсаткичи ҳақиқий касалликлар кўрсаткичидан нечадир фоиз паст бўлади. Шунинг учун, атайлаб камайтириш деган нарса йўқ.

Айтайлик, яқин вақтгача беморларда, ҳатто асоратларсиз коронавирус ҳолати аниқланган бўлса ҳам, автоматик равишда касалхонага ётқизилган. Агар касаллик асоратлари бўлмаса, касалхонада ётишни ким истайди? Сиз хоҳлайсизми? Истамайсиз, мен ҳам хоҳламайман. Кейин буни рўйхатдан ўтказмаслик учун қандайдир яшириш ишлари бошланади.

gazeta.uz

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг