26 нафар юртдошимиз ҳаётдан кўз юмди. Жонимиз омонат-ку, нега қўрқмаяпмиз?​

Коронавирус балоси, пандемия шароити, ҳаёт-мамот остонаси…

Мажбурмиз, бир кунда уч марта – соат роппа-роса 10:00, пешиндан кейин 16:00 ва ниҳоят, тунги 23:00 да телефон ё планшет, гаджет титкилашга! Биримиз телевизорга термуламиз, кимлардир эса чироқ ёниб-ўчадиган, антеннаям йўқ жойда эски радиоси қулоғини бурайди.

Тузалганлар нечта экан, шу отинг ўчгур дардни юқтирганлар 9 мингни қоралаб қолибдими? Дунёдан ўтганлар… Эҳ, Худойим, 26 нафарга етибди-я! Кимлар экан, хасталикни кўтаролмаган кексалар, чол-кампир, ёшу қари… Дардмандларга кўмак бермоққа юборилган шифокор ҳам бор.

Дунёдан келаётган нохуш статистикага кўз ташлайман: коронавирус балосига йўлиққанлар сони 11 миллионни қоралаб боряпти! Беш ярим миллиончаси тузалибди. Ярим миллиондан кўпроқ заминдошимиз вафот этибди! Интернетни ўчириб ташлайман, тун бўйи уйқум келмайди.

Тонг саҳар Қашқадарёда дўхтир бўлиб ишлайдиган инимнинг овози: “Ака, бирга ишлайдиган врачларимизда касаллик аниқланди, карантинга тушдим. Аввал негадир айтишмади, ўша ўлган одам борку, Тошкентдаги беш-олтита касалхонага зор йиғлаб борган, қабул қилинмаган, Китобда ётувди бечора. Кейин қазо қилди, бошқарма эълон қилган маълумотда ташхиси «мусбат» эди. Икки-уч кун ўтиб, вазирлик раддия бериб, марҳум йўлдош касалликлар туфайли вафот этди, деб хабар тарқатди. Ҳайрон қолдик. Туманимиз «қизил»га айланди ва… орадан бир ҳафтаям ўтар-ўтмас карантинга олинган шифокорлар ва ўша раҳматли инсоннинг яқинлари ҳам коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Касални яширган билан иситмаси ошкор қилади, деган ибора бизда исботланди. Қачонгача бор ҳақиқатга терс қараймиз, ака, нега яширамиз, ёлғон маълумот кимга керак?!”

Деновда ҳам Китобдагига ўхшаш ҳолат рўй берди. Тўғри, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам осон эмас, лекин ойни этак билан ёполмаймизку. Мана, карантин зонасида хасталикка чалиниб, вафот этган шифокор билан боғлиқ аянчли воқеа тафсилотлари ижтимоий тармоқларни портлатди. Марҳумнинг қизи ҳам врач экан, отасининг бошидан кечган кўргиликларни зор-зор йиғлаб айтганида юрагим чидолмади.

Бошқа ҳудудларда ҳам аҳвол, биламан, рисоладагидек эмас. Кўча тўла одам, турнақатор машиналарни сўраманг. Жуда зарур юмуши борлари узрли, тинчлик ва саломатлик посбонлари, дардмандлар, тижоратчилар, шифокорлару турли-туман юкларни элтувчилар ва айрим соҳа вакилларини тушунамиз. Лекин қип-қизил бекорчихўжалар, оғзида папиросу қўлидаги ип билан ит етаклаб юрганлар, кўп қаватли уйлар олдида ғийбатлашиб ўтирганлар, бозор-ўчар баҳонасида одамларни алдаб юрганлару тунги кўнгилочар жойларни овлаб юрган «саёҳатчи»ларни қандай оқлаш мумкин?!

Энг аламли жойи, одамлар бу тилсиз ёвдан заррача қўрқмаётгани! Шу даражада бепарвоки, ҳатто йиртилай деб қолган ниқобларни чала-чулпа тақиб олганлар сон мингта. Ҳой, барака топкур, бу балойи азим касофатидан 26 нафар юртдошимиз жон таслим қилди, десангиз, нима бўпти, ажали етибди, ўлибди, ана айтишяптику, буям гриппнинг бир тури эмиш, ўтади-кетади, дея қўл силтайдиганлар, минг афсуски, кўпаймоқда орамизда! Кечаю кундуз кўчадан бери келмайдиганлар сафи ошяпти.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи – Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабековнинг ҳар куни куйиб-ёниб, қайғуриб айтаётган огоҳликка чорловларидан ҳам хулоса қилмоққа нега шошилмаяпмиз? Бу аҳволда «яшил» деб мақтанганимиз қаерга кетади? «Сариқ»дан бир кундаёқ «қизил»га айланиб қолаётган ҳудудларда назорат нега бўшашиб кетяпти? Ким айбдор, давлатми, назоратчи органларми? Йўқ, азизлар, энг аввало, бундай хотиржамликка, беғамликка, лоқайдликка берилишнинг бош сабабчиси ЎЗИМИЗ-КУ! Умр ўлчаб берилган, бу кунлар ҳам ғанимат, машаққатли синовларни енгишда битта мушт бўлиб бирлашмасак, кўринмас душман, коронавирус деган мудҳиш бало бизни енгади. Енгилмаслик учун ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилайлик. Ўзини асраганни Ўзи асрайди деганлари рост.

Норқобил ЖАЛИЛ

Манба: “XXI asr” газетаси

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг