Уйда даволаниш: қай тартибда, кимларга мумкин, кимларга мумкин эмас?

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 70-80 фоизи касалликни симптомсиз ўтказмоқда, деб маълум қилди профессор Ҳабибулла Оқилов мухбир билан суҳбатда.

Фото: progorodsamara.ru

1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда карантин режими кучайтирилмоқда. 5 июлдан бошлаб эса COVID-19га чалинган маълум тоифа беморларга уйда даволанишга рухсат берилади.

Kun.uz мухбири ушбу янгиликлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов билан суҳбатда бўлди.

Уйда даволаниш: қай тартибда, кимларга мумкин, кимларга мумкин эмас?

— Ривожланган давлатларда касаллик симптомсиз ёки енгил шаклда ўтаётган беморлар уйда даволаняпти. Ҳозир бизда ҳам бунинг учун барча шароитлар бор. Шунинг учун агар бемор таҳлилида коронавирус аниқланган бўлса, лекин унинг симптомлари йўқ ёки енгил ўтаётган бўлса, масалан аксирмаётган, йўталмаётган, нафаси қисилмаётган, таъм ва ҳид сезгилари йўқолмаган, тана ҳарорати кўтарилмаган бўлса, 5 июлдан бошлаб шу тоифадаги беморларга уйда даволанишга рухсат берилади.

Бу, албатта, ички ишлар ва миллий гвардия томонидан уларнинг уйда қолиши таъминланган ҳолда ташкил этилади. Оилавий поликлиникасидан ҳар куни эрталаб телефон орқали мулоқотда бўлиб турилади. Тана ҳароратинг кўтарилмадими, йўталмадингми, деб хабар олиб турилади.

Бемор талабларга риоя қилсагина уйда қолиши мумкин. Агар касаллигини била туриб, кўчага чиқса, унга нисбатан жавобгарлик белгиланган.

Уйда даволанаётган бемордан 10 кундан кейин тест олинади ва агар манфий натижа олинса, уни ҳисобдан чиқариш мумкин бўлади.

Уйда даволанаётган беморларга иммунитетни кўтарадиган дорилар берилади. Бу дорилар ҳамма жойда бор.

Агар бемор телефон орқали мулоқотда: «Менда йўтал пайдо бўлди, кечқурун бироз ҳароратим кўтарилди», деса, у албатта стационарга олиб кетилади.

Коронавирус аниқланган беморнинг ёши 65дан ошган бўлса, ё ортиқча вазни бўлса, ёхуд қандлик диабет, метаболик синдром, гипертония каби ёндош касалликлари бўлса, улар симптомлар бор-йўқлигидан қатъи назар фақат стационар шароитда даволанади.

Вирус юқтирганларнинг неча фоизида симптомлар кўзга ташланмаяпти?

— Республикамиз миқёсида ўрта ҳисобда 70-80 фоиз беморлар касалликни симптомсиз ўтказишяпти.

Яқин ҳафталарда оммавий иммунитет даражасини аниқлаш учун тест ўтказиш бошланади

— Ҳозирги кунда COVID-19 диагнозини тасдиқлаш учун биз фақат полимераз занжир реакцияси (ПЗР) тестларидан фойдалаяпмиз. ПЗР– тест олинган вақтда организмда коронавирус бор-йўқлигини аниқ кўрсатадиган анализ.

Шу билан бирга, чет эл тажрибаси, хусусан Германия, Россия тажрибасига асосланган ҳолда, Ўзбекистонда ҳам гуруҳ иммунитетини билиш учун иммунофермент анализи (ИФА)ни йўлга қўйиш назарда тутилган.

ИФА ёки ундан ҳам янги ИХЛА анализлари касаллик ўтиб бўлганидан кейин организмда ҳосил бўлган антитаначаларни аниқлаш имконини беради. Бу орқали коронавирусни юқтириб, иммунитети кучли бўлгани сабабли касалликни ўзи билмаган ҳолда симптомсиз ўтказган одамларни ҳам аниқлаш мумкин.

Бундайларнинг сони қанча кўп бўлса, республика бўйича гуруҳ иммунитети кўрсаткичлари баланд бўлади. Шунга қараб карантинни кучайтириш ёки юмшатиш бўйича чора-тадбирларни режалаштирсак. Шунинг учун ҳам ИФА таҳлилларининг аҳамияти жуда юқори.

ИФА яқин ҳафталар ичида йўлга қўйилади. Махсус комиссия қарорида кўрсатиб ўтилганидек, давлат тиббиёт муассасаларидан ташқари хусусий муассасаларга ҳам ПЗР ва ИФА таҳлилларини ўтказиш учун рухсат берилган. Анализант бемалол уйдан туриб телефон орқали гаплашиб, анализни уйда топшириши, жавобини телефон, Телеграм орқали олиши йўлга қўйилади.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг