Огоҳ бўлинг! «Сирли харидор» дорихонага ҳам боради

«Фармацевтика маҳсулотининг сирли харидори» – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг биргаликдаги ишланмаси. Вазифаси – рецептлар қандай ёзиб берилишини ҳамда дори воситаларининг чекланган нархига риоя этилаётганлигини мониторинг қилиш. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар берди.

Фото: vaqf.uz

Маълумотлар тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарга шахсан келган ҳолда ҳамда телефон қўнғироқлари, электрон почта ёки мобиль иловалар бўйича мурожаатлар орқали тўпланади. Барча тадбирлар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ўтказилади. Жараёнга ваколатли органлар ходимлари ва жамоатчилик вакиллари жалб этилади.

Дастлабки ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмайди, тушунтириш ишлари олиб борилади. Бунда тиббиёт ташкилотлари ва дорихона ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этишга ва ваколатларини суиистеъмол қилишга ундаш ҳолатлари тақиқланади. Мониторинг натижалари қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бу тартиб-қоида 2020 йил 1 июлдан амалда.

Дўстларингизга улашинг: