4000 йил илгари мисрлик жарроҳлар замонавий шифокорлардан-да маҳоратли ва тажрибали бўлишгани таҳмин қилинмоқда

Кўп йиллар мобайнида Миср мўмиёларини ўрганиш давомида ақл бовар қилмас кашфиёт қилинди: 4000 йил илгари мисрлик жарроҳлар замонавий шифокорлардан-да маҳоратли ва тажрибали бўлишгани таҳмин қилинмоқда. Ҳар ҳолда доктор Ҳабиб Ал-Ҳофиз шундай нуқтаи назарнинг муаллифи сифатида илм аҳлига ўзини танитди.

Унинг изланишлари натижаси ўлароқ, юракни шунтлаш (бунда венанинг бир қисми аортага улаб қўйилади, натижада қон айланиши юракнинг зарарланган қисмини четлаб ўтади), юзнинг пластик операциялари каби жарроҳлик операциялари амалга оширилганига ишонч ҳосил қилинган. Бу узоқ ўтмиш шифокорлари техника тараққиёти юксак деб тан олинаётган бугунги кунда ҳам инсоният амалга ошира олмайдиган даволаш тадбирлари ва ишлари, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, мураккаб жарроҳлик операцияларини ҳам амалга оширган дегани.

 — Қадимда шифокорлар ҳозирги олимларга нисбатан инсон организми ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишган, деган фикрдаман, — дея таъкидлайди доктор Ал-Ҳофиз.

Унинг милоддан олдинги 2700-1250 йилларга алоқадор дея тахмин қилинаётган 231та қадимий мўмиёлар устида олиб борган икки йиллик тадқиқотлари натижаси археологлар ва тарихчилар оламида ҳақиқий шов-шув бўлди. Гап шундаки, изланишлардан мўмиёлардан бирида трансплантация операцияси ўтказилганлиги маълум бўлди. Бу ўз навбатида ўтмиш шифокорлари организмнинг иммунологик ҳужайралари ўзга тана тўқимасини қабул қилмаслигининг қандай қилиб олдини олишни жуда яхши билган дегани.

Энг ҳайратланарлиси, ҳозирча ўта мукаммал деб тан олинган асбоблар ёрдамида ҳам замонавий медицина бу каби операцияларни ўтказишга қодир эмас. Доктор Ал-Ҳофизнинг фикрича, милоддан аввалги 1900 йиллардаги Қадимий Миср тиббиёт технологияси жуда юксак даражада бўлган.

Юқорида санаб ўтилган даволаш усуллари ва хизматлари фиръавнлару бадавлат мисрликларга кейинги асрларда ҳам кўрсатиларди. Лекин Миср Буюк Искандар томонидан забт этилганидан сўнг улар унут бўлган. Гарчи бизгача мисрликларнинг тиббиёт соҳасида қўлга киритган ютуқлари борасида бирорта ёзма маълумотлар сақланиб қолмаган бўлса-да, Миср шифокорлари кўплаб даврлар давомида табобат илмининг етакчи дарғалари эканлигига мўмиёлар холис гувоҳлик бериб келмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Дўстларингизга улашинг: