Ҳужжатларни қалбакиллаштиришга қўл урган шифокорлар жазоланди

Жиноят жазосиз қолмайди

Шифокор деганда бемор фуқароларга беминнат ёрдам қўлини чўзиб, уларни даволовчи касб эгалари тушунилади. Лекин баъзи «қўштирноқ» ичидаги шифокорлар ўз вазифаларини суъистемол қилмоқдалар.

Р.Ахмедов 2018 йил январь ойида О.Холматов томонидан тайёрланган, 2010 йилда иш фаолиятини якунлаган «Шифобахш» хусусий клиникасининг юмалоқ муҳри, штампи ва дастлабки тергов ва судда аниқланмаган «тўлиқ хўжалик ҳисобидаги бўлим» штампини эгаллаб, Н.Якубжонова билан тил бириктириб, гуруҳ бўлгани ҳолда 2019 йил июнь ойида Фарғона шаҳридаги оилавий поликлиникаларнинг бирида ишловчи Д.Ёрматова, такроран, 2019 йил июнь ойида ушбу оилавий поликлиникада ишловчи С.Солиева, такроран 2019 йил июль ойида А.Диёрова белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган бўлсаларда, уларни расмий ҳужжат ҳисобланган шахсий тиббиёт дафтарчаларига ишга яроқлиликлари тўғрисида «Шифобахш» хусусий клиникасининг қалбаки юмалоқ муҳри, штампи ва «тўлиқ хўжалик ҳисобидаги бўлим» штампини қўйиб, қалбаки тиббиёт дафтарчаси расмийлаштиришга эришган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши Фарғона шаҳар Жиноят ишлари бўйича очиқ судда кўриб чиқилди.

Р.Ахмедов ва Н.Якубжонованинг ҳаракатлари қонунга зид, Р.Ахмедовга нисбатан жазо тайинлашда, жазони енгиллаштирувчи ва унинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар сифатида унинг шахси, муқаддам судланмаганлиги, оилали, етти нафар фарзандлари борлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, касаллиги, жиноят натижасида оғир оқибатлар келиб чиқмаганини инобатга олиб, иш бўйича оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаганлиги сабабли ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида жарима жазоси, Н.Якубжоновага нисбатан жазо тайинлашда, жазони енгиллаштирувчи ва унинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар сифатида унинг шахси, муқаддам судланмаганлиги, оилали, уч нафар фарзандлари борлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, нафақадалиги, жиноят натижасида оғир оқибатлар келиб чиқмаганини инобатга олиб, иш бўйича оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаганлиги сабабли ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ҳа, ҳужжатларни қалбакиллаштиришга қўл урган шифокорлар жазоланди.

Ш.Умаров,

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси

(Мақолада исм, фамилия ва клиника номи ўзгартирилган)     

Дўстларингизга улашинг: