«Яшил» ҳудудни таъминлаган эпидемиологлар

Барчага маълумки, ўтган йили Хитойда аниқланган коронавирус деярли барча мамлакатларга тарқалиб улгурди. Ҳозирда бутун дунё пандемия шароитида яшамоқда ва бу офат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон жаҳоннинг бошқа давлатлари билан транспорт алоқаларини тўхтатди, мамлакатда оммавий тадбирлар бекор қилинди, барча ўқув муассасалари таътилга чиқди ва бошқа қатор карантин чоралари жорий этилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, ҳудудга юқумли ва карантин инфекцияларининг кириб келиши, тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан тегишли чора-тадбирлар йўлга қўйилди.

Ҳориждан келган ҳамда маҳаллий аҳолини тиббий кузатувга олиниши, ўз вақтида зарур чора-тадбирларни кўрилиши, санитария-гигиена тадбирлари ўтказилиши ҳамда тарғибот ишлари малакали эпидемиологлар томонидан олиб борилганлиги коронавирус инфекциясининг вилоятда кенг тарқалишини олдини олишга сабаб бўлди.

Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг малакали эпидемиологлари томонидан эпидемиологик суриштирув тўлақонли олиб борилди ва ҳар бир аниқланган касаллик ҳолатининг манбаси аниқланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни пайтда коронавирус инфекциясининг вилоятимизга кириб келишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилган.

Профилактик тадбирлар

Вилоят шаҳар-туманларда санитария эпидемиологик-осойишталик марказлари томонидан коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида фаолият юритаётган барча давлат-нодавлат ташкилотлари биноларида, жамоат транспортларида профилактик дезинфекция ишлари амалга оширилди ва бу жараён туну-кун давом этмоқда.

Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси ва унинг олдини олиш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад юртимиздаги ҳар бир оила ва инсонни ушбу вирусдан имкон қадар кўпроқ ҳимоялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, Фарғона вилояти ҳудудига эндемик давлатлардан 5 минг 944 нафар фуқаролар кириб келган бўлиб, уларнинг 1536 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этди.

Вилоятимизда жами 14160 нафар (22.06.2020 йил ҳолатига) фуқаролар 14 кунлик карантинга олиниб, уларнинг 13868 нафар фуқароларни 14 кунлик тиббий кузатув муддати тугалланиб, соғлиги қониқарли деб топилди. Шунингдек, чартер авиарейслар орқалиТуркия ва Таиланд давлатидан ҳамда Қувасой шаҳридаги “Ўзбекистон” чегара божхона постидан мамлакатимиз фуқаролари олиб келиниб, карантинга жойлаштирилди. Бу масканларга малакали тиббиёт ходимлари бириктирилиб, уларнинг соғлиги доимо назоратда бўлди.

15 майга қадар вилоятимизда157кишига короновирус ташхиси билан, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида белгиланган муолажалар асосида даволаниб чиқдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, инфекцияга чалинганларнинг 78нафари Фарғонадан бўлиб, қолган 80 нафари хориждан чартер рейс орқали олиб келинган мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари фуқароларидир. Улар тўлиқ соғайгач, ўз манзилларига етказилди.

«Яшил» ҳудуд

2020 йил 15 март куни Республика махсус комиссиянинг қарорига кўра, Фарғона вилояти яшил ҳамда сариқ ҳудудга, кейинчалик эса барча туман ва шаҳарлар “яшил” ҳудудга киритилди.

Аммо, қўшни вилоятларда ҳали ҳам короновирус касаллиги билан оғриган беморлар борлигини инобатга олиб, фуқаролар янада хушёр бўлишлари, карантин қоидаларига амал қилишлари юзасидан кенг кўламда ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, республикада биринчилардан бўлиб, вилоятлар бўйлаб автоқатновларни чеклаш бўйича амалий ишлар олиб борилди.

—Муҳими вилоятимизга бошқа бу вирусни яна кириб келмаслигига қатъий бел боғлаганмиз, — дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази “Эпидемиологик мониторинг ва профилактик тадбирларни ташкил этиш бўлими” мудири Ғуломжон Якубов.

— Бу борада вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассислари ҳамда ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари билан шаҳар ҳудудидаги МФЙ ва бозорлар, кўчалар, корхона ва ташкилотлар тозалиги алоҳида назоратга олиниб, ҳар тўрт соатда дезинфекция қилинмоқда, зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда мавжуд тўртта санитария-назорат постлари орқали вилоятимизга қўшни мамлакатлардан кириб келаётган ҳар бир юк автомашинаси ҳам махсус хизматчилар томонидан дизенфекцияланмоқда, ҳайдовчилар ва юк кузатувчиларининг ҳарорати ўлчанмоқда, ўша жойнинг ўзида коронавирус инфекциясига таҳлиллар олиниб, лаборатория жавоблари чиққунга қадар муддатда улар махсус жиҳозланган жойларда назоратда ушлаб турилибди.

Қадрингиз ва қаддингиз баланд бўлсин!

Назаримда, нафақат касалхоналарда қолаётган шифокор ва ҳамширалар, балки ушбу инфекцияни вилоятимизга кириб келиши ва тарқалишини олдини олаётган эпидемиология соҳаси ходимлари ҳам бугунги куннинг асл қаҳрамонларидир.

Улар ҳам куну-тун тиним билмай ишлаяпти. Жонини жабборга ва хатарга қўйиб ишлаётган врач-эпидемиолог, эпидемиолог ёрдамчилари шундай вазиятда ҳам камтарликни жойига қўяди, қийинчиликларини билдирмайди. Кишини руҳлантирадиган кайфият билан “Биз сиз учунишлаяпмиз, сиз биз учун уйда қолинг!” деган шиорни баралла айтмоқдалар.

Телебошловчи йигитлар айтганидек, “Қадрингиз ва қаддингиз баланд бўлсин!”

Дўстларингизга улашинг: