Республика мутахассислари муносиб тақдирланди

Фото: Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати

Аввал хабар қилганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқори малакага эга 19 нафар профессор ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳи 11 июнь кунидан буён Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди ҳисобланадиган Сўх туманида фаолият олиб боришаётган эди.

20 июнь куни дастлабки ишчи гуруҳи аъзолари ўзларининг фаолиятини якунлаб, Сўхдан Фарғонага қайтдилар. Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида тантанали тадбир ташкил этилиб, ишчи гуруҳи аъзоларига самимий миннатдорчилик билдирилди.

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаровлар олис Сўх тумани халқига малакали тиббий ёрдам кўрсатиб, фарғоналик шифокорларга ҳамма томонлама амалий ёрдам берган ишчи гуруҳидаги барча мутахассисларни ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирладилар.

Фото: Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати

Айтиш жоизки, 10 кун давомида ишчи гуруҳи томонидан 6365 нафардан зиёд фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Жумладан, тиббий кўрикдан ўтказилганларнинг 217 нафари ногиронлар, 181 нафари эса кам таъминланган, якка ёлғиз беморлар ҳисобланади.

1030 нафар оғир беморларнинг бевосита хонадонларига бориб, кўрикдан ўтказилди ва тиббий ёрдам кўрсатилди.

Беморларни замонавий тиббий текширувдан ўтказиш мақсадида туман марказий шифохонасига 2 та рентген, 1 та УТТ, 2 та ЭКГ, 2 та ИВЛ ва 1 та наркоз бериш ускунаси келтирилган эди. Ушбу ускуналардан самарали фойдаланиб, ҳафта давомида 272 нафар бемор рентген текширувидан, 475 нафар бемор флюрография текширувидан, 334 нафар бемор ЭКГ текширувидан, 201 нафар беморлар эса УТТ текширувидан ўтказилди.

Тиббий кўриклар давомида 825 нафар фуқарода бирламчи касалликлар аниқланди, 107 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмаси ва вилоят шифохоналарига стационар шароитда даволаниш учун ётқизилди, 6205 нафар фуқарога амбулатор-поликлиника шароитида даволаниш учун тавсиялар берилди.

Булардан ташқари, 36 нафар аллергик ҳолат, артериал гипертензия, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабет ва бошқа турли хасталиклар билан касалланган беморлар вилоят марказидаги шифохоналарга юборилди.

Тиббий кўриклар жараёнида 28 нафар беморларга бепул тиббий реабилитация воситалари берилди, 12 та ногиронлик аравачаси, 11 та хасса ва қўлтиқтаёқ, 5 та эшитув мосламаси тарқатилди.

Бир ҳафта ичида ишчи гуруҳи таркибидаги юқори малакали мутахассислар фарғоналик ҳамкасблари билан ҳамкорликда 12 нафар беморда вилоят муассасаларида ўтказилиши зарур бўлган жарроҳлик амалиётларини Сўх туман марказий шифохонасининг ўзида муваффақиятли тарзда амалга оширдилар.

Андижон тиббиёт институтининг профессори, акушерлик ва гинекология кафедраси мудираси профессор Дилором Асранқулова шу ердаги шифокорлар билан ҳамкорликда 2 нафар ҳомиладор аёлларда кесарча кесиш жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказиб, иккала она ва боланинг саломатлиги сақлаб қолинди.

Сўхлик фуқаролар беминнат ёрдам кўрсатган тиббиёт ходимларидан миннатдор бўлиб, Муҳтарам Юртбошимизга, вилоят ҳокимлигига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига раҳматлар айтишмоқда.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Дўстларингизга улашинг: