Сўх тумани аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда

Фарғона вилоятининг ажралмас бир қисми бўлган, пурвиқор тоғлар билан ўралган Сўх тумани халқига давлатимиз раҳбарияти алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошармаси томонидан ҳам Сўх тумани аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ҳамда тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Масалан, ўтган йиллар давомида Сўх туман тиббиёт муассасаларига “Саломатлик-3” лойиҳаси, “Ислом тараққиёт бакни”, Республика ва вилоят бюджетидан жами 1 млн. доллардан ортиқ замонавий тиббий ускуналар олиб келиб ўрнатилди ва ишга туширилди.

Туман тиббиёт тизимида кадрлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги боис, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятнинг энг малакали мутхассислари тез-тез Сўхга юбориб турилади. Шунингдек, оғир беморлар учун вилоятнинг етук мутахассислари томонидан ҳар куни онлайн консультациялар бериш йўлга қўйилган.

Масалан, биргина 2020 йилнинг март-апрел ойларида Сўх туманидаги оғир беморларга 27 маротаба вилоят мутахассислари томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилган. Шу даврда 8 нафар беморлар даволашни давом этириш учун вилоят шифохоналарига олиб келинди.

Сўх тумани ҳудудий жиҳатдан кичик ва аҳолининг сони кам бўлганлигига қарамасдан, анклав ҳудуд эканлиги инобатга олиниб, туманда яшовчи аҳолининг дори-дармонларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш мақсадида қандли диабед касаллиги билан диспанцер назоратида турувчи ва инсулин қабул қилувчи 114 нафар беморлар мазкур препарат билан 125 фоизга таъминланяпти. Масалан, биргина 2020 йилнинг иккинчи чорагида Сўхга 377 флакон инсулин дори воситаси берилган.

Жорий йилнинг 3 июн куни Сўх туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида туман тиббиёт соҳасидаги айрим муаммо ва камчиликлар тилга олиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Сўх туман тиббиёт бирлашмаси таркибидаги шифохона ва поликлиникаларда қўшимча иш ўринлари ташкил қилиб, 30 нафар туман ёшларни янгидан ишга қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирилиги ҳамда Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан энг замонавий русумдаги тиббий жиҳозлар, жумладан, юқори технологик имкониятга эга рентген қурилмаси, ЭКГ, УТТ жиҳозлари, сунъий нафас беруви ИВЕЛ ускунаси ва 69 турдаги дори-дармонлар беғараз ёрдам сифатида Сўх туманидаги етказиб берилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан Тошкент тиббиёт Академияси, Академиянинг Фарғона филиали ҳамда Андижон тиббиёт институтининг 20 нафар юқори малакага эга профессорларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, улар 11 июн куни Сўх туманига етиб келдилар.

Гуруҳ таркибига хирург, акушер-гинеколог, кардиолог, невропотолог, педиатр, эндокринолог, терепевт каби тор доирадаги мутахассислар киритилган бўлиб, улар айни пайтда режа асосида тумандаги қишлоқ оилавий поликлиникаларида аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

Малакали мутахассислар Сўхга етиб келган куниёқ, бир кун давомида 399 нафар фуқаролар, жумладан, 8 нафар кам таъминланган оила вакиллари, 32 нафар ногиронлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 119 нафар беморларнинг бевосита уйларига бориб хизмат кўрсатилди.

Кўрикдан ўтказилган беморларнинг 3 нафари стационар даволашга ётқизилди, 396 нафарига амбулатор даволаниш тавсия қилинди, 1 нафар бемор эса вилоят марказий шифохонасига юборилди.

Сўх тумани халқига кўрсатилаётгани эътибор ва қилинаётган барча эзгу ишларнинг замирида инсон манфаати мужассам. Зотан, муҳтарам Юртбошимиз томонидан аҳоли саломатлигини сақлаш, ҳар бир фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.

Одилжон УМАРОВ,
Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг: