Партия фаоллари ҳам донорлар сафига қўшилдилар 

Фото: Ўзбекистон “Адолат” Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Боланинг бегонаси бўлмайди. Уларнинг беғубор кулгулари, меҳри ва самимиятидан доимо қалбимиз завққа тўлган.  Ҳамиша масъум чеҳрасида табассум балқишини истаймиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят Кенгаши томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган  акция  бемор, меҳр ва мурувватга муҳтож бўлган болажонларга, ватандошларимизга тиббий кўмак беришни кўзда тутади.  14 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан 4 июндан 10 июнга қадар  Фарғона вилояти қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда  ўтказилган акцияда кўплаб юртдошларимиз саховатли ишга бош қўшдилар.

Фото: Ўзбекистон “Адолат” Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир.  Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қиладилар. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз  шу билан бирга, фойдалидир.  Ҳар йили марказимизда кўплаб эзгу ниятли инсонларни қабул қиламиз. Ўзбекистон  “Адолат” СДП вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган акция эса донорларнинг  сонини янада кўпайтиришга хизмат қилди, – дейди  марказ эпидемиологи Ойбек Юлдашев. – 100 дан зиёд фуқаролар донорлар сафига келиб қўшилдилар. Қолаверса, аҳоли ўртасида  донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, афзалликлари ҳусусида  кенгроқ тушунтириш ишлари олиб борилди.

Акцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  депутати  Муҳаммаджон Валиев иштирок этди.

Беғараз донорлик кимнидир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб  қилишга янада кучлироқ ундайди. Давлатимиз томонидан қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, тизимли ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Фото: Ўзбекистон “Адолат” Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Албатта, партия электорати  ва  фаолларининг  мазкур соҳа фаолиятини самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиши янада муҳим.  Бу ўринда тарғибот ишлари билан бирга,  партия фаолларининг кўнгилли донорлар  қаторида бўлишлари эса ибратлидир,  – дейди депутат.

Камола  ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.  

Дўстларингизга улашинг: