Карантиннинг «фойдаси»

Вилоятда оммавий равишда профилактика ишлари натижасида грипп, вирусли гепатит, туберкулёз каби касалликлар кескин камайди.

Газетамиз мухбири вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Хокимжон Мамаджанов билан бугунги кундаги касалликлар ҳолати ҳақида суҳбатлашди.

— Юртимизда март ойидан бошланган карантин пайтида коронавирусдан эҳтиёт чораларини кўриш бўйича етарлича маълумот олдик. Аммо айни шу кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилди, бу ҳолат табиий равишда турли касалликларни келтириб чиқаради.

Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилди, бу ўз-ўзидан анъанавий касалликлар — юрак-қон томир тизими касалликлари, вирусли гепатит, болаларда диарея, сальмо-неллёз каби хасталиклар қўзғалиши эҳтимолини оширади.

— Сиз юқорида тилга олган бу касалликларнинг профилактикаси учун нималар қилиш лозим ва бу ҳам коронавирусга қарши чораларга ўхшашми?

— Албатта, масалан, вирусли гепатит ва коронавирус профилактикасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Касал бўлганда ва касални кўрганда масофа сақлаш, қўлларни мунтазам ювиб туриш, шахсий гигиена, тозалликка мунтазам риоя қилиш кабилар. Аслида бу профилактика чоралари шифокорлар томонидан мунтазам айтиб келинган. Лекин коронавирус ваҳимаси ортида ҳамма ўзини эҳтиёт қила бошлади.

Диарея касалликларида ҳам умумий ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш керак.

Диареянинг олдини олишда эса гигиеник ва санитария тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Озиқ-овқат муассасалари, бозорлар, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи дўконларда санитар режимни сақлаш лозим.

Яна болаларни оилада гигиеник тарбияга ўргатиш керак. Аҳоли орасида сифатсиз ичимлик сувдан фойдаланмаслик ва ифлосланган сув ҳавзаларида чўмилмаслигини таъминлаш зарур. Болалар учун идиш-товоқларни алоҳида тутиш, ишлатилгандан сўнг тозалаб ювиш ва устига тоза дока ёпиб қўйиш керак.

— Карантин сабаб бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ва учрашига қанчалик таъсир қилди?

— Коронавируснинг ижобий жиҳати сифатида қаралса, профилактика чораларига оммавий риоя қилиш айрим касалликлар сони кескин камайишига олиб келди.

Масалан, вилоятда юқумли касалликлар билан хасталанганлар сўнгги 4 ой мисолида олайлик. Ўтган йилга нисбатан 13,2 фоизга, яъни 392 нафарга камайган. Шунингдек, туберкулёз 13,2 фоизга, вирусли гепатит 24,3 фоизга камайган. Қизиғи, айрим туманларда баъзи касалликлар деярли учрамай қолган.

Шундан фойдаланиб, биз мана шу синов давридан ўзимизга керакли хулосалар  чиқаришимиз ва шифокорларнинг тавсиялари бежиз эмаслигини англаб етишимиз  керак.

Суҳбатдош И.ҲАСАНОВ

 

Дўстларингизга улашинг: