Кўнгилдан кечган гаплар: яхши сўз ярим даво

Суратда: Шифокор Баҳромжон Исмоилов ҳамкасблари билан иш жараёнида

Яқинда соғлигим анча ёмонлашиб Тошлоқ туман тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлимида даволанган пайтимда бу гапнинг нечоғлик тўғрилигини яна бир бор ҳис қилдим. Бўлим шифокорлари, ҳамширалар, техник ходимларнинг  ўз ишига масъулият билан қарашлари, хушмуомалалиги,  даволанувчилар учун шароитларнинг яхшилиги, хоналарнинг покизалиги ва иссиқлиги, муолажаларнинг ўз вақтида ўтказилиши, ҳавонинг мусаффолигини таъминлаш учун ҳар бир хонага ҳатто тувакларда гуллар қўйилганигача эътиборимда бўлди.

Даволанишим жараёнида табиийки бошқа беморлар билан ҳам мулоқот қилишга тўғри келди. Бемор Зарифахон Қазақова шифокорлар, айниқса шифокор Баҳромжон Исмоиловдан жуда ҳам хурсанд эканлигини яширмади. Қизиқиб сўраганимда опа ўтган йилнинг февралида қон босими ошиб инсульт бўлиб тез тиббийга оғир аҳволда олиб келингани, беш кундан сўнг эса шу бўлимга ўтказилиб даволангани ва ора-орада даволаниши давом этаётганлигини маълум қилди. “Баҳромжоннинг хушмуомалалиги, “кўзларингиз ёниб, юзингиздан нур ёғиляпти, сиз бемор эмассизку” сингари далдалари ҳамиша менга куч-қувват бағишлаб тушкунлигимни йўқотади, ҳаётга бўлган меҳрим ва ишончимни оширади. Кузатаман, у барча барчага ҳамиша ана шундай муомалада”, дейди онахон мамнуният билан.

Тошлоқ шаҳарчасилик Адҳамжон Узоқов, Ахшак маҳалласилик Толибжон Аҳмаджонов, заркентлик Дилбархон Содиқова, саддалик Бахтиёрхон Азизова, бўстонлик Муҳаббатхон Маматқулова сингари беморлар ҳам тажрибали шифокорнинг муолажалари туфайли бўлимдан ўз дардларига даво топган ҳолда оилаларига қайтишаркан қайта-қайта миннатдорчилик билдирдилар. Беихтиёр ҳаёлимдан ўтди: яхши сўз ҳам ярим даво экан. Ўзим ҳам ўз вақтида кўрсатилган муолажа, энг муҳими ширин муомала, шифокорларнинг юракдан билдирилган далда ва таскинлари туфайли саломатлигимни тиклаб оилам бағрига отланарканман тажрибали шифокор Баҳромжон Исмоиловдан жуда-жуда хурсанд бўлдим. Қолаверса Хилолахон Худойбердиева, Азизахон Раҳимова, Муқадасхон Хонқулова ширинсухан, изланувчан тиббиёт ҳамширалари ишига ҳам қайта-қайта омадлар тиладим.

Ш. Абдураҳмонова,

Тошлоқ туманидаги Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг