Сўхликларга ғамхўрлик (фото)

Коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган синовли кунларда халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, меҳр-оқибати яна бир бор намоён бўлди. Саховатпешалар муҳтож инсонларга қўлларидан келганича ёрдам бермоқдалар. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг қулоч ёйди.

Сўх туманида ҳам ушбу оғир шароитдан чиқиш учун қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Ўз вақтида курилган чора тадбирлар ва карантин қоидаларига қатъий риоя қилингани туфайли туман коронавирусдан ҳоли ҳудудга айланди.

Мамлакатимизда карантин эълон қилинишидан олдин ва қўшни республикалар билан чегара масканлари ёпилмасдан аввал туманнинг 200 нафардан ортиқ фуқаролар турли юмушлар билан вилоят марказига келиб, бу ерда қолиб кетдилар. Вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг бевосита эътибори ва ғамхўрлиги туфайли биз сўхликларга зарур шарт шароит яратиб берилди. “Вақф” хайрия фондининг вилоят филиали озиқ овқат маҳсулотлари билан таъминлади. Ҳозирда 132 нафар сўхликлар “Зилол” санаторийсига жойлаштирилган. 3 маҳал иссиқ овқат берилмоқда, мунтазам тиббий назоратдамиз.

-Мусофирлик осон эмас, — дейди Д. Давронов. – Лекин доимий ғамхўрликдамиз. Бунинг учун вилоят ҳокимидан, саховатли кишилардан миннатдормиз.

-Икки ярим ойдан буён халқимизнинг меҳр-оқибати, хайру саховатидан баҳраманд бўлдик. Шундай халқ фарзанди бўлганимизга шукрона келтирмоқдамиз, — дейди ўқитувчи Баҳобжон Максимов. — Биз санаториий шифокорлари Ёқубжон Латипов, Муҳаммадали Ниёзиддинов, Маъруфжон Аҳмадалиев, ҳамширалар Кумушхон Нурматова, Дилфуза Баҳромовадан миннатдормиз. Улар меҳрибонликлари, хушмуомалаликлари билан кўнглимизни кўтаришмоқда.

Шунингдек, вилоят ҳокими кўрсатмасига асосан 15 нафар сўхликлар вилоят Кардиология марказига жойлаштирилди. Биз марказ бош ҳакими Илҳом Маллаев, шифокорлар Б.Жумаев, Н.Исоев, М.Эранов, С.Умаралиева, М.Мирзораҳимов, ҳамширалар Н.Умарова, М.Тўхтасинова, Р.Мамадалиева, М.Исомова, Ш.Исомовага ўз ташакуримизни билдирамиз. Қўлимиз ҳамиша дуода.

Содиқжон ТОҲИРОВ,

журналист

Дўстларингизга улашинг: