Семизликка олиб келувчи ва биз кўп истеъмол қиладиган яна бир зарарли маҳсулот борлиги айтилди

Фото: Innovatemedtec

Семизлик бу организмда ортиқча миқдорда ёғ тўпланишидир.  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг 2016-йилда эълон қилган маълумотларига кўра ер юзида 18 ёшдан катталар орасида 1,9 млрддан кўпроқ одам ортиқча вазн билан яшайди. Улардан 650 млндан кўпроғида семизлик мавжуд.

Семизлик даражалари тана вазни индекси(ТВИ)ни ҳисоблаш йўли билан аниқланади (ЖССТ, 1997). ТВИ=вазн (кг)/бўй (м2). 18,5-24,9 кг/м2-нормал тана вазни, 25-29,9 кг/м2-ортиқча вазн, 30-34,9 кг/м2 1-даража, 35-39,9 кг/м2 2-даража, 40 кг/м2дан юқориси 3-даража семизлик ҳисобланади.  Ортиқча вазн ёки семизлик асосан саноати ривожланган давлатларда жиддий муаммога айланган. АҚШда 18 ёшдан катта аҳолининг 56%, Буюк Британияда 52%, Исроилда 50%дан кўпроқ одамларда ортиқча вазн борлиги айтилади. Ҳозирда нафақат ривожланган давлатларда, балки ривожланаётган давлатларда ҳам (асосан шаҳар жойларида) ортиқча вазнли одамлар сони ортиб боряпти.

Хусусан, республикамизда ҳам мазкур муаммо соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтирмоқда. Семизлик, асосан унинг абдоминал (қорин соҳасидаги) шакли кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида муҳим рол ўйнаши сўнгги йилларда олиб борилган илмий изланишлар натижасида ўз исботини топди. Соҳага оид адабиётларда ёзилишича 55 ёшдан кичик бўлган 3-даража семизлиги бўлган одамларда 2-тур қандли диабет билан касалланиш хавфи шу ёшдаги  нормал тана вазнида бўлган одамларга нисбатан эркакларда 18, аёлларда 13 марта юқори бўлади. 55 ёшдан кичик ёшдаги ортиқча тана вазни бўлганларда қандли диабет хавфи, худди шу ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан 3-4 баравар юқори бўлади.

Гипертония касаллиги хавфи эса 55дан кичик ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан ортиқча тан вазнлиларда 1,6 марта, 1-даража семизлиги бор шахсларда 2,5-3,2 марта, 2-3-даража семизлиги бор шахсларда 4-5,5 марта юқори бўлади.

Юрак ишемик касаллиги ва бош мияда қон айланиши бузилиши  (инсулт) частоталари иккала жинсда ҳам ҳар қандай ёшда тана вазни индекси ортишига пропорционал тарзда ортиб боради.  Холецистит билан оғриш хавфи ТВИ ортиб бориши баробарида нормал тана вазнлиларга нисбатан эркакларда 4-21, аёлларда 2,5-5,2 марта юқори бўлади. Бундан ташқари тана вазни ортиб бориши билан остеоартрит, саратоннинг айрим турлари (қизилўнгач, йўғон ичак, тўғри ичак, жигар, ўт пуфаги, ошқозон, ошқозон ости бези, қалқонсимон без, сут бези, тухумдонлар, эндометрий, бачадон бўйни,  буйрак, менингиома, простата бези саратонлари), қолаверса аёлларда менструал циклнинг бузилиши, бепуштлик, тухумдонлар поликистози синдроми каби касалликлар билан оғриш хавфи ҳам ортиб боради.  Яъни, ортиқча вазн ёки семизлик шунчаки касаллик эмас, балки бошқа кўплаб касалликларнинг сабабчисидир.

Савол туғилади, семизликнинг айнан ривожланган ва ривожланаётган давлатларда кўпайиши нима билан боғлиқ?

Камҳаракат хаёт тарзи, юқори калорияли ва енгил ҳазм бўлувчи углеводлар (моно ва дисахаридлар)га бой бўлган озиқ-овқат махсулотларини сурункали тарзда ва ортиқча миқдорда истеъмол қилиб юриш  билан боғлиқ. Бу ҳолатда организмда энергия баланси бузилади. Тез-тез ва узоқ вақт давомида қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши, истеъмол қилинаётган энергия сарф қилинаётган энергиядан кўпроқ бўлиб юриши натижасида организмда ортиқча даражада ёғ тўқимаси шаклланиб боради.

Агарда халқимизнинг анъанавий овқатланиш тарзи, маданияти ўзгармаса биз юқорида санаб ўтилган касалликлар атрофида ўралашиб юраверамиз.

Нималарни ўзгартириш керак?

1. Ҳар куни имкониятга қараб, камида 3-5 км фаол тарзда пиёда юриш зарур (қарши кўрсатмалар бўлмаса, албатта). Шунча масофага югуриш яна ҳам яхши бўлади.

2. Гликемик индекси (истеъмол қилинганидан кейин қондаги қанд миқдорини ошириш даражаси)  паст бўлган ва озуқавий толага бой озиқ-овқат махсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш керак. Чунки озуқавий тола меъёрида истеъмол қилинганда ўз вақтида тўқлик ҳиссини пайдо қилади. Қолаверса, таркибида кўп озуқавий тола тутган махсулотларнинг гликемик индекси ҳам нисбатан пастроқ бўлади. Озуқавий толанинг асосий манбаалари: табиий ўсимлик махсулотлари-донли экинлар (буғдой, жавдар, сули, маржумак, гуруч, маккажўхори, арпа, тариқ, жўхори), ёрмалар, мевалар, сабзавотлар (картошкада камроқ-1,8%). Озуқавий тола доимий тарзда меъёрида (25-40 гр) истеъмол қилиб юрилганда қондаги қанд миқдорини, холестеринни  камайтиради, йўғон ичакнинг мотор-эвакуатор функциясини, ичакларнинг микроб экологиясини меъёрлаштириб юради.

Озуқавий толанинг суткалик меъёрий миқдорини ниманинг истеъмоли эвазига қоплаш мумкин?  

Бизнинг одатий овқатланиш тарзимизда ноннинг улуши кўпроқ. Аввало, ноннинг суткалик истеъмолини бугунги кундаги каби (тахминан ўртача истеъмол) 700-900 граммдан, 250-300 граммгача камайтириш керак. Қолаверса, истеъмолдаги унимизни алмаштиришимиз керак. Чунки, буғдой унининг 100 граммида озуқавий тола 3,5-6,6 гр, гликемик индекси-100, калорияси 340 кКал. Озиқ-овқат махсулотининг гликемик индекси қанчалик юқори бўлса, унинг қондаги қандни ошириш хусусияти ҳам шунчалик юқори бўлади. Яъни буғдой унининг гликемик индекси юқори ва уни қанчалик кўп истеъмол қилинса, қондаги қанд миқдори шунчалик кўп ортади ва бу организмда кўпроқ ёғ тўпланишига олиб келади.

Буғдой унини идеал тарзда алмаштириши мумкин бўлган махсулот жавдар (қора буғдой) унидир. 100 гр жавдар уни таркибида озуқавий тола 11-14 гр, гликемик индекси 53, калорияси 298 кКал.  Агарда инсон 1 суткада ўртача 250-300 гр атрофида жавдар унида бўлган нонни истеъмол қиладиган бўлса, суткалик озуқавий тола меъёрининг деярли 70-80%ини қоплаган бўлади. Ҳозирда юртимизда савдо расталарида жавдар уни анчагина кам. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳот ўтказиш ва буғдой экиладиган ерларнинг маълум бир қисмига жавдар экилиши масаласини кўриб чиқиш зарур.

3. Семизликка олиб келувчи ва биз кўп истеъмол қиладиганимиз яна бир зарарли маҳсулот бу шакар ва шакар қўшилган маҳсулотлардир. У истеъмол қилингандан кейин овқат ҳазм қилиш трактида тез синггади, тезда қонга сўрилади ҳамда қондаги қанд миқдорини тез ва кўпроқ оширади. Биз шакар истеъмолини кескин камайтириб унинг ўрнига кўпроқ стевия истеъмол қилишимиз керак.

Манбааларда келтирилишича, стевия баргларидан олинадиган стевиозид моддаси шакарга нисбатан 150 марта, стевиозидни қайта ишлашдан олинадиган ребаудиозид моддаси эса 300 марта тотлироқ экан. 100 гр маҳсулот калорияси 18 кКал, гликемик индекси эса нолга тенг. Стевиядан Японияда узоқ йиллардан бери қанд ўрнини босувчи сифатида озиқ-овқат ва қандолатчилик саноатида кенг фойдаланиб келинади. Жаҳонда стевияни экспорт қилувчи йирик давлатлар Жанубий Корея ва Хитойдир.

«ЎзА»нинг 2019-йил 14-августда эълон қилган маълумотига кўра стевия аллақачон юртимизда етиштириляпти. Ва  ҳаттоки, стевия етиштиришдаги жаҳондаги энг илғор давлат Жанубий Кореяда етиштирилган стевиядан 16% стевиозид олинган бўлса, юртимизда ўстирилган стевиядан 19,7% стевиозид моддаси олинган. Стевия плантарияларини кўпайтириш ва уни кенг истеъмолга жалб қилиш халқимиз саломатлиги учун ўта фойдали бўлади.

Яна юқоридагиларга қўшимча қилиб айтиш мумкин-ки, овқатланиш рационининг асосини донли-дуккакли экин маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, ёғсизлантирилган ёки ёғи камайтирилган сут-қатиқ махсулотлари, кўкатлар,  ёнғоқ, писта, бодом, гўшт, товуқ гўшти, балиқ каби маҳсулотлар ташкил қилиши мақсадга мувофиқдир.  Ҳайвон ёғи маҳсулотлари, ўта қовурилган овқатлар, энергетик ичимликлар, кўп туз қўшилган озиқ-овқат махсулотларини доимий тарзда истеъмол қилиб юриш ҳам семизлик ривожланишига олиб келади ва инсон саломатлиги учун фавқулодда хавфлидир.

Муроджон Жўраев, 

Қувасой шаҳар кўп тармоқли поликлиника эндокринолог врачи.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг