Фарғонада Жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт институти ташкил этилади

Президентнинг “Жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология осойишталиги хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: «УзА»

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Фарғона вилоят хокимлигининг:

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида Фарғона жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт институтини ташкил этиш;

Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонаси негизида Фарғона жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт институти клиникасини ташкил этиш;

Фарғона вилояти кўп тармоқли катталар ва болалар тиббиёт марказлари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари, ОИТСга қарши вилоят маркази, оилавий поликлиникалар таркибидаги саломатлик марказлари Институтнинг амалиёт базалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, санитария-эпидемиологик осойишталик, инсон соғлиғини муҳофаза қилиш соҳалари учун юқори малакали кадрларини миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш;

етакчи хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун қўшма таълим ва академик мобиллик дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;

замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологиялари, шу жумладан, масофавий ўқитиш услубларини жорий этиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек илм-фан, ишлаб чиқариш ва амалиёт олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи тиббиёт олий таълим, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда санитария-эпидемиология, профилактик тиббиёт соҳасига эҳтиёж юқори бўлган тармоқлар учун тиббий-санитария кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;

республика ва хорижий тиббиёт олий таълим, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва илмий-тадқиқот муассасаларига истиқболли ёшларни клиник ординатура, магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

жамият саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва касалликлар профилактикаси соҳаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар учун далилларга асосланган тиббиёт принциплари асосида самарали мувофиқлаштириш қоидаларини ишлаб чиқиш;

жамият саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги, касалликлар профилактикаси, паразитология, микробиология, вирусология, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш масалалари бўйича истиқболли инновацион, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш.

Белгиланишича:

Институт Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институтга қабул ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида амалга оширилади;

Институт клиникаси муассиси Институт ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти Институт томонидан мувофиқлаштирилади;

Институт ва Институт клиникаси — юридик шахс мақомига эга бўлган, тегишлича давлат олий таълим муассасаси ва давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади;

Институт Фарғона вилоятидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида аниқ фанлар бўйича дарс машғулотларини олиб борувчи ўқитувчиларга доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради;

Институт ва Институт клиникаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритади;

Институт клиникаси бош шифокори яширин овоз бериш йўли орқали Институт илмий кенгашининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Белгиланишича, Институтнинг педагогик ва илмий салоҳиятини ошириш, таълим жараёнини сифатли ташкил этиш учун юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида, шунингдек, Институт профессор ўқитувчилари ва клиника ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашда мос равишда ягона тариф сеткаси разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 1.5 баравар миқдорда ҳисобланади.

Институт клиникаси фаолияти:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис қўйиш (диагностика) ва даволаш стандартларига риоя қилган ҳолда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш, шунингдек, аҳолига пуллик асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш;

республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва улар фаолиятини молиялаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар асосида ташкил этилади.

Қуйидагилар:

а) Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари;

талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Институт клиникаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

амалга оширилган ва кўрсатилган тиббий хизматлардан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Институт таркибида мустақил юридик мақомга эга бўлмаган “Профилактик тиббиёт илмий текшириш лабораторияси” ташкил этилади ва унинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

аҳоли саломатлик даражасини баҳолаш ва мониторингини олиб бориш, улар асосида саломатликка хавф солувчи ва касаллик келтириб чиқарувчи омилларни илмий асосланган таснифини ишлаб чиқиш;

касалликларнинг олдини олишнинг усул, воситалари ва технологияларини барпо қилиш ва профилактик тиббиёт амалиётига татбиқ этиш;

замонавий тиббиёт ва ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда аҳоли индивидуал саломатлик ҳолатини масофавий баҳолашнинг автоматлаштирилган мониторинги ва интеллектуал эксперт таҳлилини амалга ошириш орқали хавфли омилларни манзилли ва индивидуал аниқлаш технологияларини барпо қилиш ҳамда профилактик тиббиёт амалиётига татбиқ этиш;

юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи эндоген ва экзоген омиллар мониторингини олиб бориш;

эпидемиологик ҳолатларни прогноз қилишнинг автоматлаштирилган компьютер технологияларини алгоритм ва дастурий таъминотларини барпо қилиш ва санитар-эпидемиологик амалиётга татбиқ этиш;

аҳолининг турли демографик табақаларида соғлом турмуш тарзининг тиббий-гигиеник талабларини, уларга эҳтиёж ва тиббий маданиятини онгли шакллантиришнинг тиббий, психологик ва педагогик технологияларини яратиш ҳамда барча таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот тадбирларини амалга ошириш бўйича услубий йўриқномалар, тавсиялар ишлаб чиқиш;

индивидуал руҳий ҳолатни баҳолашнинг ноинвазив, масофавий ва камхаражат усулларидан фойдаланиб, аҳолининг руҳий ҳолати бўйича мониторинг ишлаб чиқиш ва улар асосида аҳолини индивидуал руҳий саломатлигини баҳолаш, зарур ҳолларда психокоррекциясини амалга ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;

халқ табобатининг ташхислаш ва даволаш усулларини илмий асосларини ўрганиш ва уларни амалга оширувчи замонавий автоматлаштирилган аппаратлар ва технологияларни яратиш.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг