Фарғоналик ҳамшира тез ёрдам машиналарини ювишга мажбур бўлган(ми)?

 

2020 йил 12 апрель куни «Дарё» нашрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали тез тиббий ёрдам марказий бўлимида ишловчи ҳамшира томонидан юборилган мурожаат юзасидан мақола эълон қилинган бўлиб, унда бўлим ҳамширалари 2 йилдан бери тез ёрдам машиналарини ювишга мажбурланаётгани ҳақида сўз боради.

Исми сир қолишини истаган ҳамшира юборган мурожаатдаги аксарият фикрлар мутлақо ўринсиздир.

Сабаби ҳамширалар автомашина ювишга мажбурланмайди. 2016 йилда юз берган штатлар жадвалидаги ўзгаришларга кўра тез ёрдам бригадаларидаги мавжуд санитарлик ўрин-жойлари қисқартирилиб, санитар ходимларнинг маълум вазифалари меъёрий ҳужжатларга кўра ҳайдовчилар зиммасига юклатилган. Бу иш учун ҳайдовчиларга 30 фоиз устама тўланади.

Маълумки, тез ёрдам машинасида шошилинч ёрдам кўрсатиш учун зарур бўладиган 34 хил тиббий ускуналар, 36 хил дори-дармонлар жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 10 январда тасдиқланган 0342-17 сонли тиббий-санитария қоида-меъёрларининг 9-бўлими талабига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2001 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдамни ташкил қилишни такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига кўра автомашини ичида ўрнатилган тартибда зарур санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни таъминлаш ва ўтказишга навбатда турган ҳамшира масъул қилиб белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, навбатчиликдан сўнг ҳар бир ҳамшира автомашина салонидаги тиббий жиҳозлар жойлашган қисмини, ўзлари ишлатганидан сўнг ортиб қолган дори-дармонларни тартибга келтириб, ускуналарни чиқиндилардан тозалаб, зарарсизлантириб, ўзидан кейинги навбатчи ҳамширага топшириб кетади. Бу эса автомашинани тўлиқ ювиш, дегани эмас.

Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳамширанинг автомашинани бошқа қисмларини ювишга мажбурланаётгани ҳақидаги гаплари асоссиздир.

Мурожаатчининг карантин пайтида ходимлар ҳимоя воситалари билан етарли даражада таъминланмаётгани ҳақидаги иддаолари ҳам мутлақо ўринсиз.

Чунки бўлимда тиббиёт қўлқоплари, ниқоблар ва бир марталик ҳимоя кийимлари ортиғи билан заҳира қилиб қўйилган.

Масалан, апрел ойининг бошида бўлимга 3 минг дона тиббий ниқоб олиб келиниб, ходимларга мунтазам тарқатиб борилмоқда.  Карантин эълон қилингач вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан бир марталик ҳимоя кийимлари ва кўзойнаклар ҳам доимий етказиб турилибди.

Ҳозирда юқори тана ҳарорати билан мурожаат қилган барча беморлар ва карантиндаги фуқаролар хонадонига ходимлар фақат махсус ҳимоя кийимида жўнатилмоқда. Меъёрий ҳужжатлар талабига асосан тана ҳарорати ошмаган, коронавирус инфекциясига гумон қилинмаган, бошқа турдаги чақириқларга масус ҳимоя кийимида бориш шарт эмас.

Бўлимда шифокор ва ҳамширалар учун алоҳида хоналар ажратилган. Хоналарда кийим илиш учун шкафлар қўйилган. Иссиқ ва совуқ сув таъминоти жойида.

Мурожаатчининг фақатгина битта фикри ўринли эди. Бўлимда ювиниш хонаси мавжуд бўлса-да, вақтинча ишламай турганди. Бу муаммо ҳозир бартараф этилиб, ювиниш хонаси таъмирланди ва ишга туширилди.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг