ХУШХАБАР: Фарғонада 7 нафар беморнинг ҳолати яхшиланиб, интенсив палатага олинди

Бугунги кунда Фарғонада коронавирус инфекциясига чалинган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган юздан зиёд шифокор ва ҳамширалар фидоийлик билан меҳнат қиляпти. Ана шулардан бири Шерали Йўлдошев. Қаҳрамонимиз 32 ёшда бўлса-да тажрибали шифокор сифатида жамоа орасида ҳурмат топган. Биз кун қаҳрамони билан суҳбатлашдик.

— 22 март куни тунги навбатчиликда қолган эдим, – дейди Шерали. – Эрталаб шифохонамизда изоляцияда бўлган Фарғона шаҳрилик аёлда коронавирус инфекцияси аниқлангани маълум бўлди. Олдиндан гуруҳлар шакллантирилган эди. Зудлик билан бемор реанимация бўлимига олинди. Гуруҳимиз билан 14 кун туну кун ишладик. Аҳилликда иш қилганимиз катта самара берди. Асосийси, ҳеч ким ваҳима ва хавотирга берилмади.

— Қанча беморлар шу бўлимда даволанди?

– Бизнинг ушбу бўлимда 8 нафар умумий аҳволи оғирлашган ва нафас етишмовчилик белгилари кучайган беморлар стандартлар асосида даволанди. Умра зиёратидан келган ёзёвонлик аёлнинг оила аъзолари бир неча кун давомида муолажалар олди. Бу аёлнинг келини, ҳатто икки ойлик чақалоғи ҳам оғир ҳолатдан чиқди. 7 нафар беморнинг ҳолати яхшиланиб, интенсив палатага олинди. Бир нафар бемор оғир ҳолатда.

— Коронавирус инфекцияси беморларда қандай кечмоқда?

— Бу касалликнинг кечиши ёши катталарда ҳамда қўшимча касаллиги бор фуқароларда ўзига яраша оғирроқ, қўшимча касалликлари бўлмаганларда нисбатан енгилроқ кечиши кузатилмоқда. Бу гриппга ўхшаб катарал белгилар — яъни акса уриш, тамоқда қичишиш ва қуруқ йўтал билан, баъзиларида кўкрак қафасда оғриқ бўляпти. Беморлар кўпроқ нафас етишмаслиги ва йўталдан шикоят қиляпти. Шундай бўлса-да улар ўзларини руҳан яхши ҳис қилиб, тушкунликка тушишмади. Биз Тошкентдаги мутахассислар билан даволаш ишларини бажаришда доимо онлайн маслаҳатлар олиб турдик.

— Ҳозирда нималар билан бандсиз?

— 14 кун мобайнида ишлаган биринчи гуруҳдаги 133 нафар тиббиёт ходимлари Фарғона туманидаги “Темирйўлчилар” сиҳатгоҳида бепул дам оляпмиз. Президентимизга катта раҳмат. Биз шифокорларни доимо қўллаб-қувватлаяпти. Оғир дамларда юртдошларимизнинг бизга мадад бўлгани ҳам куч-қувват берди.

Барчамиз оила – аъзоларимизни жуда соғиндик. Фарзандларим ота-онамни бағрида бўлгани учунми кўнглим анча тўқ бўлди.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг