Болаларнинг уйқуда кўп терлаши сабабини биласизми?

Фото: osp-sakhalin.ru

Кўпгина оналарни хавотирга соладиган ҳолат болакайларининг тунда кўп терлаш ҳолатидир. Албатта, бундай вазият жуда кўп учрайди, болакайни ухлатиб ётқизиб қўйсангиз кийимчаси ва ётоқ чойшабининг терлаш натижасида нам бўлиб қолганлигини кўрасиз.

Аммо, бундай вазиятда хавотирланиш керак эмас, болалар учун бу физиологик жараён ҳисобланади. Баъзида кўп терлаш боланинг қизиб кетганлиги ёки нерв тизимидаги айрим муаммолар туфайли бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари тер безларининг жуда фаол бўлиши айрим касалликлардан дарак беришини ҳам унутмаслик лозим.

Болаларда уйқу вақтида кўп тер ажралиши сабабини аниқлаш учун аввало улар организмнинг тузилиши ва физиологияси билан танишиб чиқиш керак бўлади.

Болаларда уйқу вақтида кўп терлаши: физиологик жараён!

Аввало, тер ажралиши ҳар қандай ёшдаги инсон учун нормал ҳолат эканлиги ва организм шу йўл билан тана ҳароратини меъёрда сақлаб туришини билиб олиш зарур. Болаларда эса тер безлари функциясининг тўлиқ ишламаслиги ва терморегуляция марказининг яхши ривожланмаганлиги боис уйқу вақтида кўп терлаш ҳолати тез-тез учраб туради.

Тер безларининг фаол вазифа бажариши бола ҳаётининг 3-ҳафтасидан бошланади. Аммо, тўлиқ шаклланиши 5-6 ёшларда рўй беради. Одатда тунги уйқу вақтида кўп тер ажралиши 3 ёшгача бўлган болаларда кузатилади. Бола 4 ёшдан ошгач бундай ҳолат камдан кам қайд этилади.

Тер безларининг вазифаси фақатгина организмни совутиш эмас, балки организмда тўпланган заҳарли моддалар, токсинларни ҳам ажратиб ташлаш каби функцияси ҳам мавжуд ва бу жараён нерв тизими билан биргаликда амалга оширилади.

Уйқуда кўп терлаш: патологик жараён

Кўпгина мутахассислар фикрича болаларнинг кўп терлашига қуйидагилар сабаб бўлади:

Хона ҳароратининг юқори бўлиши ёки об ҳавонинг иссиқ бўлиши натижасида боланинг терлаши;
Кун давомида бола эмоционал ҳолати, қўзғалувчанлиги, нерв тизимининг таъсирланиши тунги вақтда кўп терлашга сабаб бўлади;

  • Шамоллаш каби ҳолатларда;
  • Наслий мойиллик;
  • Кўп тер ажралиши айрим касалликлар натижасида ҳам рўй беради, улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
  • Витамин Д етишмовчилиги ва рахит;
  • Апноэ;
  • Қалқонсимон без функциясида камчиликлар;
  • Жигар ва ошқозон ичак тизимидаги муаммолар;
  • Юрак-қон томир касалликлари;
  • Иммун тизимидаги ўзгаришлар.

Боланинг қизиб кетиши

Бола дунёга келгач ҳаётининг 3-ҳафтасидан бошлаб ташқи муҳит ҳароратига таъсирланишни бошлайди. Иссиқ ҳаво бола терморегуляция марказини фаоллаштиради. Бола 5-6 ёшгача бўлган даврда иссиқ ҳавога жуда сезувчан бўлади ва организм бундай вазиятда кучли қўзғалиши, тер ажралиши кўпайиши мумкин.

Нима учун болалар айнан уйқу вақтида кўп терлаш кузатилади?

Педиатрлар бу ҳолатни қуйидагича изоҳлайдилар: болаларнинг кундузги вақтда терлаши тез буғланади, болалар айнан кун давомида ўзларининг асосий энергияларини сарфлайдилар. Тунги вақтда ҳам тер безлари фаол ишлаб туради аммо бола ўзининг энергиясини фаол сарфламайди, шу сабабли ажралган тер буғланмайди, аксинча организмда тўпланиб қолади.

Бола кўп терлашининг яна бир сабаби болакайни жуда қалин матолар билан белаб ташлашдир. Кўпгина оналар болакайларининг совуқ қотиб қолишларидан чўчиб уларни уйқу олдидан жуда қалин матолар билан ўрайдилар ёки мавсумга мос бўлмаган кийимчалар кийдирадилар, натижада болакай организми қизиб кетади ва кўп тер ажралишидан азият чекади. Болакайларнинг қизиб кетиши ва кўп терламасликлари учун қуйидагиларга риоя этиш лозим:

  1. Болалар хонасида оптимал ҳарорат 18-21 градусни ташкил этиши, намлик миқдори эса 50-60 % бўлиши мақсадга мувофиқ. Қуруқ ҳаво ҳам тер безлари ишини фаоллаштириб юборади. Болакай ухлайдиган хонани тез тез шамоллатиб туриш зарур: кун давомида 10-20 дақиқадан 3-4 маротаба.
  2. Болакайларни хона ҳароратига мос ҳолатда кийинтириш керак. Кийим матолари табиий бўлиши ва ҳаво ўтказиши тавсия этилади.

Нерв тизимининг кучли қўзғалиши

Бола ҳаётининг 1 йилида нерв тизими жуда қўзғалувчан бўлади. Кун давомида болакай атроф оламга мослашади, жуда кўплаб эмоциялар, кўплаб таъсуротлар олади, янги янги қобилиятларни ўрганади, шу сабабли нерв тизими жуда кучли ишлайди. Ҳатто, болакай тунда ухлаётганда ҳам унинг нерв тизими фаол ишлаб туриши мумкин. Бу эса уйқу вақтида тер ажралишининг кўпайишига сабаб бўлади.

Бола нерв тизими зўриқишини камайтириш ва тер ажралишини камайтиришнинг бир неча усуллари мавжуд, улар қуйидагилар:

  • Кечки вақтда фаол ўтинларни ва телевизор томоша қилишни камайтириш, улар ўрнига китоб ўқиш ёки енгил ўйинлар ўйнаш керак;
  • Уйқу олдидан тоза ҳавода болакай билан бироз сайр қилишга ҳаракат қилинг;
  • Болакайни енгилгина массаж қилиш ҳам болани тинчлантиради ва уйқусида безовта бўлмаслигини таъминлайди;
  • Уйқу олдидан тинчлантирувчи хусусиятга эга бўлган ўсимликлар солинган илиқ сувда болакайни чўмилтиринг;

Бола нерв тизимининг фаол ўсиши натижасида ҳам уйқу вақтида тер ажралиши кўпаяди, бу нормал физиологик ҳолат ҳисобланади.

Шамоллаш каби касалликлар

Болакай оптимал шароитда ухласа ҳам уйқу вақтида кўп терласа, бун организмда қандайдир патологик жараён кетаётганидан дарак беради, кўпинча шамоллаш характеридаги касалликларда шундай ҳолат кузатилади.

Кўп тер ажралиши бола организмининг керакциз моддалар, токсинлардан тозалашга ҳаракат қилаётганини билдиради. Бундан ташқари шамоллаш жараёни юқори тана ҳарорати, йўтал, нафас олиш қийинлиги, ҳолсизлик билан намоён бўлиши ёки яширин кечиши ҳам мумкин – бунда оналар болаларида фақатгина кўп тер ажралиши сезадилар холос.

Агар сиз болангиз уйқу вақтида кўп терлашининг сабабини бирор бир касаллик билан боғласангиз ёки шунга шубҳа қилсангиз дарҳол шифокорга мурожаат этинг. Ҳолатни енгиллаштириш учун шунчаки болакайга кўпроқ суюқлик ичиринг.

Кўп тер ажралишида наслий омилнинг ўрни

Организмнинг кўп тер ажратиши наслдан наслга жуда кам ҳолатларда берилади. Агар болакайда кўп тер ажралиши сабаби генетик даражада белгиланган бўлса, болада куннинг ҳар қандай қисмида кўп терлаш кузатилиши мумкин, фақатгина уйқу вақтида эмас. Бундай вазиятда ҳолатни енгиллаштириш учун тер ажралишини кўпайтирувчи омилларни бартараф этиш зарур:

  1. Болакай билан фаол ҳаракат талаб этмайдиган ўйинлар ўйнаш;
  2. Болани стресс ҳолатларга тушмаслигини таъминлаш;
  3. Доривор ўтлар солинган сувда болани чўмилтириш (ромашка, календула, қирқбўғим ва бошқалар).

Уйқуда кўп терлаш: жиддий касалликлар сабабли

Кам ҳолатларда аммо шундай бўлсада, учраб турадиган вазият – бола уйқуда кўп терлашига сабаб жиддий касалликлар бўлиши мумкин. Патологияни фақатгина шифокор аниқлай олади, бунда кўп тер ажралишидан ташқари бошқа симптомлар ҳам юзага чиқади.

Витамин Д етишмовчилиги ва рахит касаллиги сабабли боланинг кўп терлаши билан бирга қуйидаги белгилар ҳам юзага чиқади:

  • Ажралган тер қуюқ ва ўзига хос ҳидга эга бўлади;
  • Бола энса соҳасида соч тўкилиши кузатилади (“тақа бош”);
  • Болакай доимо нотинч ва қўзғалувчан бўлади;
  • Бола уйқу вақтида тез-тез уйғониб кетади.

Болада кўп терлаш билан биргаликда юқорида санаб ўтилган белгилар ҳам кузатилаётган бўлса дарҳол шифокорга мурожаат этинг, даво муолажалари ўз вақтида бошланмаса болакай ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Апноэ каби патологик ҳолат бола ҳаётига хавф солади. Бундай вазиятда болада қуйидаги белгилар ҳам намоён бўлади:

  1. Болакай уйқу вақтида қалтираб кетади;
  2. Бола уйқу вақтида кучли нафас олади ва хуррак отади;
  3. Уйқунинг бузилиши ва ҳар хил тушлар кўриши;
  4. Кун давомида боланинг ҳолсиз бўлиши, бола эътиборини бир жойга жамлай олмаслиги;
  5. Юрак-қон томир тизими билан боғлиқ касалликлар қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:
  6. Совуқ тер ажралиши;
  7. Ҳансираш;
  8. Қўлларнинг совуқ бўлиши.

Баъзида кўп тер ажралиши қалқонсимон без фаолиятининг бузилишидан дарак беради ва қуйидаги белгилар кузатилади:

  • Иштаҳанинг пасайиши;
  • Юрак уришининг тезлашиши;
  • Тез чарчаб қолиш ва ҳолсизлик;
  • Бола кайфиятининг ўзгарувчанлиги;
  • Тунги вақтда тез-тез сийиб қўйиш;
  • Қовоқлар пириллаши.

Болакайда уйқу вақтида тер ажралишининг кўпайиши ва қўшимча белгиларнинг намоён бўлиши шифокорга мурожаат этиш учун етарлича сабаб бўла олади.

Болакай саломатлиги ва ҳаёти муҳим аҳамиятга эга бўлган вазиятда ҳеч қачон мустақил равишда уй шароитида даво муолажаларини ўтказишга уринманг!

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг