Хусусий тиббиёт – давлат эътиборида

Маълумки, сўнгги йилларда жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари катта эътибор қаратилмоқда. Натижада мамлакатимизда, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам хусусий тиббиёт муассасалари сони кундан-кунга кўпайиб боряпти.

Фото: «Sputnik Ўзбекистон»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги  «Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4606-сон қарори ҳам мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтармоқда.

Хусусий соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, ҳудудлар аҳолиси учун ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, хусусий тиббиёт ташкилотларининг инвестициявий фаоллигини яхшилаш, уларни замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар билан жиҳозлаш, шунингдек, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида эълон қилинган қарорда шу йўналишда иш бошлаётган тадбиркорларга қатор  имтиёз ва имконият кўзда тутилган.

Жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг «Асака» АТБга хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида Жамғарма кредит линияси ташкил этилиш вазифаси юкланди.

Унга кўра, 10 йилгача муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр, «Асака» АТБ маржасини ҳисобга олмасдан йиллик 5 фоиз ставка билан, лойиҳалар қийматининг кўпи билан 60 фоизини молиялаштириш учун янги импорт тиббиёт ускуналари (косметологияга оидлари бундан мустасно) ва уларга бутловчи қисмларни харид қилиш учун кредитлар ажратилиши  назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мазкур қарорга мувофиқ хусусий тиббиёт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун Жамғарманинг кредит линиялари ўз вақтида ажратилиши, соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари жалб этилиши бўйича чораларни кўрсиш вазифаси юкланди.

Мазкур қарор  билан Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни молиялаш-тиришнинг прогноз параметрлари белгиланган бўлиб, унда Фарғона вилояти учун ҳам 6 миллиард маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Демак, бу фарғоналик шу соҳада иш бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун янги имкониятлар деганидир.

Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш орқали хусусий тиббиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишингиз мумкин.

Зеро, қайси секторда ишламасин тиббиёт ходимининг мақсади ягона – аҳоли саломатлигини сақлаш, беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш.

Бундай хайрли иш эса давлатимиз томонидан доим қўллаб-қувватланади.

Улуғбек Абдураҳмонов,

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг лицензиялаш ва аккредитациялаш сектори бошлиғи.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг