Сенат раиси шифокорларга миннатдорчилик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қўйи палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлади:

“…Сўнгги уч йилда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилган бўлса-да, йиллар мобайнида барча соҳалар, хусусан, ижтимоий соҳаларда муаммолар етарлича тўпланиб қолганлигига гувоҳ бўляпмиз.

Айниқса, санитария-эпидемиология хизмати тўғрисида нафақат қонунчиликни такомиллаштириш, балки ҳукуматимиз томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши керак. Бунга давлат раҳбари ҳам урғу бериб, ушбу тизим йиллар давомида эътибордан четда қолганлиги, кадрлар салоҳияти етарли даражада эмаслиги, моддий-техника базаси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан, ҳозирда нафақат санитария-эпидемиология хизмати, балки соғлиқни сақлаш тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Кеча Президентимиз видеоселекторда алоҳида қайд этдиларки, шу қисқа вақт ичида пойтахтимизда учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилади. Албатта, бу муассасалар карантинга қабул қилиш учун қилинаётган бўлса-да, кейинчалик бошқа тиббий мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкин.

Биз, парламент аъзолари, энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни тудбан қайта кўриб чиқишимиз зарур. Бунда асосий эътиборни кадрлар салоҳиятини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.

Президентимиз ушбу соҳа мутахассисларининг ойлигига қўшимча ҳақ тўлаб берилиши, қўллаб-қувватланишини ҳам қайд этдилар. Чунки тиббиёт ходимлари нафақат карантинга олинганларга ёрдам беряпти, балки ўз ҳаётини хавф остига солиб, ўз ишини сидқидилдан бажармоқда. Шу ўринда соғлиқни сақлаш тизими мутахассисларига миннатдорлик билдирамиз”.

Дўстларингизга улашинг: