Қўлимиз кўксимизда саломлашайлик

Гап коронавирусда ҳам эмас. Бундай саломлашиш, айниқса, Фарғонада ҳозиргача сақланиб қолган. Улардан илҳом олиб,  фикр-мулоҳазаларимни бўлишмоқчи бўлдим.

Фото: «Advantour»

Университетда тактиль алоқа (одамлар билан қўл бериб кўришиш, қўлларни силкитиш орқали саломлашиш, бошни-бошга, елкама-елка уриштириш) қилишни ман этиш ҳақида буйруқ бердим. Шунда менга жуда кўп одамлар телефон қилди: мулозимлар, танишларим ва дўстларим. Университет ҳовлисига киришим билан кимдир жиддий, яна кимдир жилмайиб, қўлини кўксига қўйиб саломлашди. Хуллас, кўпчилик менга яхши фикрларни айтишди, баъзи одамлар ҳатто аския ҳам қилишди. Сўнг ўйланиб қолдим: Нимага бундай муносабат бўлди? Нимага оддийдек туюлган бир жиҳатга шунча қизиқиш?

Ҳар биримиз ўзимизни, фарзандларимизни, талабаларимизни асрашимиз, зарур чораларни  кўришимиз керак деб ўйладим ва шунинг учун ҳам бу буйруқни чиқардим. Аммо бунинг замирида бошқа нарса ётибди, назаримда. Одамларимизнинг ирсий (яъниким генетик) хотирасига менимча XVII аср келди, гўё. Ота-боболаримиз, аждодларимизнинг қандай кўришишиб саломлашиши бирданига гавдаланди кўз олдида.

Тарихий фильмларни кўрар эканмиз, туркий миллатга мансуб одамлар, айниқса, ёши улуғлар бир-бири билан салом алик қилганида ўнг қўлини чап кўксига қўйиб кўришганининг гувоҳи бўламиз. Буюк боболаримиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Навоий, Бобур ҳам миниатюраларда ўнг қўли юраги устида турганлигини кўришимиз мумкин.

МАВЗУГА ОИД: Японияда, Осиёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида бўлгани каби, саломлашиш мулойим таъзим сифатида қабул қилинади. Қоида бўйича сиз қанчалик кўп ҳурмат қилсангиз, шунчалик кам эгилишингиз керак. Ёшлар ва мақоми пастроқлар эса катталарга нисбатан таъзим қилаётганларида кўпроқ эгилишлари лозим.

Бир-икки кун мен ҳам ҳамкасбларим, дўстларим, талабаларим билан шундай кўришдим ва бу одат қандай гўзал ва ажойиб эканлигини кўрдим, юрагим тубидан самимий ҳис этдим. Ота-боболаримиз кўришганда тўғри саломлашишган экан, деган мустақил фикрга ҳам

келдим. Шарқона саломлашиш энг гўзал ва чуқур маънолидир. Қадим Шарқ деганида японлар, корейслар, хитойликларнинг тавозели ритуалла-аробийлар, форсийлар ва туркий оламларнинг дабдабали саломлашув маросимларини ёдга оламиз. Бунда қанча лутф, маданиятимиз, қадриятларимиз акс этган экан-а. Замонавий этикетга ҳам нақадар мос…

Ўйлаб қарасам, бу одат фақат бизда эмас, тарихий рус фильмларида ҳам рус зодагонлари

шундай кўришган экан, яъни уларнинг князь ва боярлари кўришганда, танишганда,  саломлашганда ниятлари поклиги ва самимийлигини ифодалаш учун тактиль усуллардан эмас, ўнг қўлни юрагининг устига қўйишган, бошини эгиб таъзим қилишган. Демак, бу одат жуда қадимий эканлигини билдиради.

Аслида қўл бериб саломлашиш бизнинг маданият эмас, балки унинг тарихи Қадимги Юнонистон ва Вавилонга бориб тақалади. Тарихий манбаларда ёзилишича, қўл бериб кўришиш милоддан аввалги 5-8 асрда тарқалган. Икки рақиб кураш пайтида қўлида қуроли йўқлигини кўрсатиш учун билагини бериб кўришаётган пайтида қўлини силкитиш анъанаси бўлган. Яъни, рақибларни билагида жанг кийимини ичида қурол бор ёки йўқлигини англатган. Ўрта асрларда бу анъана йўқ бўлиб кетган. XVII асрга келиб эса қўл бериб саломлашиш яна насроний дини протестантлар мазҳаби бўлмиш Квакерлар томонидан қўллаб-қувватланган. Мақсад ҳамма тенг ҳуқуқли эканлигини кўрсатиш. Кейинчалик бу динга боғлиқ бўлмаган ҳолда Англияда оммалашган. Бизга эса бу одат Оврўпо ва чор Россиясидан етиб келган. Бугун ўйланиб қолдим: дунё борган сари  тораймоқда, глобаллашув чегараларни ағдарди.

Бугун дунё аҳолиси етти миллиардга етди.

Аммо Она заминимиз ҳудуди ўша-ўша, ибтидоий даврдан бери кенгаймади. Бу вирусга ҳам қарши даво топилар яқинда, аммо Инсониятни яна қанча нотаниш вирус, пандемиялар, мутациялашган мураккаб касалликлар кутмоқда экан?

Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди!

Аммо бунга менинг бир оддий жавобим бор: биз бу каби вирусларни йўқ қилиш, унга қарши курашиш учун ўз қадриятларимизга қайтишимиз ва амалда қўллашимиз керакдир.

Масалан, кимдир билан саломлашганда қўлни узатмай, уни юрагимиз устига қўйишдир, хайрлашганда ҳам шундай, меҳр кўрсатмоқчи бўлсак, кўксимизга икки марта енгилгина уриб қўйсак, жудаям чиройли кўринади. Соғлиқни сақлаш учун ҳам яхши, шахсий гигиена учун ҳам. Хуллас, ҳикматсиз эмас.

Қўлимизда қурол ҳам йўқлигини билдиради.

Ассалому алейкум, Сизга саломатлик тилайман!

Қўлим кўксимда. Сиз ҳам қўшилинг бизга…

Шерзод ҚУДРАТХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, “Фарғона ҳақиқати” газетаси учун махсус, Тошкент.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг