“Асалли музқаймоқ”дан эҳтиёт бўлинг!

Фото: «vodiy24» канали

Баҳор ва ёз мавсуми бошланиши билан аҳоли ўртасида ўткир юқумли ичак касалликлари кўплаб қайд этилади. Олинган маълумотларга кўра, ўтган 2019 йил давомида 560 нафар бемор юқумли шифохоналарга мурожаат этган. Таҳлил натижалари бўйича, касалланган беморларнинг 85 фоизи сифати кафолатланмаган маҳсулотлар истеъмол қилишлари, яъни белгиланмаган жойларда, катта йўл ёқаларида, бозорларга кириш йўлакларида, аҳоли гавжум тўпланадиган ва автотранспорт воситалари тўхташ жойларида сотилаётган музқаймоқ, тез бузулувчи озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши натижасида юзага келганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий телевидения,  вилоят ИИБ ва ДСИ ходимлари иштирокида қўшма рейд тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзеси, Тошлоқ ва Қува туманлари катта йўл ёқасида тиббий кўрикдан, тадбиркорлик фаолияти бўйича давлат рўйхатдан ўтмаган, махсус кийимсиз, амалдаги санитария қоида ва меъёр талабларига жавоб бермайдиган жойларда фуқаролар томонидан Андижон вилоятида ишлаб чиқарилган деб айтилаётган, давлат стандарти талабларига жавоб бермаган, ишлаб чиқарилган санаси, сақлаш шароитлари кўрсатилмаган, озиқ-овқат маҳсулотларига мўлжалланмаган идишларда сақланаётган, сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган, сақлаш қоидаларига риоя этилмаган  ҳолда  “Асалли” музқаймоқ маҳсулотлари сотиш ҳолатлари аниқланди. Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида  ўтказилган қўшма рейд тадбирлари натижасида 280 кг музқаймоқ маҳсулотлари истеъмолдан олиб қўйилди.

Лекин, бугунги кунда об-ҳавонинг исиши билан яна катта йўл ёқаларида фуқаролар томонидан сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳамда сақлаш қоидаларига риоя этилмаган ҳолда  музқаймоқ маҳсулоти савдо фаолияти авж олмоқда. Ушбу ҳолат вилоят аҳолиси ўртасида ўткир юқумли ичак касалликлари келиб чиқишига шароит туғдирмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, юртдошларимизни катта йўл ёқаларида ноқонуний, озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига зид равишда фуқаролар томонидан сотилаётган “Асалли” музқаймоқ маҳсулотларини сотиб олмасликларини ва истеъмол қилмасликларини илтимос қиламиз!

 А.ЯКУБОВ,

вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи

Дўстларингизга улашинг: