Дунёда илк бор тирик одамнинг қўл панжаси бошқа одамга кўчириб ўтказилди

21 январь куни Вьетнам, Ханой шаҳридаги 108-сонли госпиталда ҳарбий жарроҳлар дунёда биринчи бўлиб жонли донорнинг қўл панжасини бошқа одамга муваффақиятли кўчириб ўтказишди.

Фото: LIGA.net

Операция 2016 йилда ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса туфайли жароҳатланган беморда ўтказилди. Операциядан сўнг бир ой давомида беморнинг янги чап қўли тўлиқ бирикиб кетди.

Ишлаб чиқаришда чап тирсагининг букилиш соҳасида оғир жароҳат олган бошқа бир бемор эса донор бўлди. Беморнинг қўлини асраб қолишга бўлган уч ҳафталик уринишдан сўнг бошланган гангрена шифокорларни ампутация қилиш ҳақида қарор қабул қилишга мажбур қилди. Беморнинг чап қўл панжаси умуман шикастланмаганди. Госпиталь шифокорлари беморлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Натижада тирсагидан кесиб ташланиши керак бўлган қўл панжаси донорлигига розилик олинди.

Трансплантация операцияси саккиз соат давом этди, дея хабар берди операцияга бошчилик қилган госпиталь раҳбари ўринбосари ва бош жарроҳи Нгуен Тхе Хоанг.

«Одам қўли мураккаб тузилишга эга бўлгани учун қўл панжасини кўчириб ўтказиш ниҳоятда машаққатли жараён ҳисобланади. Устига-устак, донорнинг тирсагида гангрена бошлангани боис унинг қайталанмаслиги учун тегишли чораларни кўришга тўғри келди», — дейди у. — Шунингдек, қабул қилиб олувчи беморнинг қўл мушак тўқимаси трансплантни бириктириш нуқтаи назаридан қарийб тўрт йил давомида умуман ишлатилмаган. Бу ҳам жиддий муаммо бўлди».

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг