Шерзод Қудратхўжаев: Она заминимизга нос тупуриш ва ахлат ташлаш билан оворамиз

Халқаро пресс клуб раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев одамларни жамоат жойларида ўзини тутиши ва атроф-муҳитга муносабатда маданиятсизликда айблади. Шерзод Қудратхўжаев мазкур масала бўйича фикрларини Facebook’да эълон қилган.

Фото: Халқаро пресс клуб

Тоғда ҳам, шаҳарда ҳам, зиёратгоҳларда ҳам одамлар маданияти, ўзини тутиши бир хил бўлиб қоляпти.
Мумкин бўлмаса ҳам ўзи тугул ёш фарзандларини қизил чекловдан олиб ўтади, жамоат жойида хорижий ва маҳаллий тамакини саситиб чекади, «Чекманг!» десангиз димоғингизга, ҳатто гўдакни юзига тутатиб «Ман уйингда чекмаяпман-ку» деб жеркиб ташлайди, гўё «мужик» деб билади, ўзини. Ўнлаб ҳожатхоналар турганда она 5 яшар боласини очиқ табиатда ҳожатини чиқарганини ўзим кўрдим.

Эртага бу бола чорраҳада ҳам қизилга тўхтамайди, челак турганда ҳам ахлатни ерга улоқтиради, машинаси эшигини очиб чорраҳада нос тупуради, чаласига уялмай баклашкадаги сув билан оғзини ғарғара қилиб чайиб барчага томоша бўлади.

Илгари ёши катталар бировни боласи бўлса ҳам танбеҳ ва дакки берардилар, насиҳат қилардилар? Қани бу авлод?

Одамда маданият, одоб, истиҳола, фаросат ё бўлади ё умуман бўлмайди.
Бир қарич Ватан заминига зор миллатлар бор бугун дунёда, биз эса муқаддас Она заминимизга нос тупуриш ва ахлат ташлаш билан оворамиз…

Минг афсус…

Давлат Қодирийни қайтараётганида, Хоразмий мактабларини очаётганида, қишлоғу шаҳарлар янгиланаётган бир даврда миллат нима қиляпти, Миллат Ўзлигини қачон англайди?
Зангиота мажмуасими, қадим Самарқанду Бухоронинг зиёратгоҳлари, Сангардак сув масканими, Чимён, Зомин тоғларими, Тошкент Cитими манзара бир хил.. Ахир биз кўҳна тарих шодасидаги бир марварид-ку, деб кўксимизга урамиз, наҳотки унутдик шуни?

Фалончилар авлодимиз деб уларни номини айтиб шундай қилишимиз уят эмасми?
Қачон миллат буни англайди?

Ўз уйини ифлос қилмайди-ку инсон, Ўзбекистон катта уйимиз, буюк Ватанимиз эмасми?

Қандай чора кўриш керак деб ўйлайсизлар?

 

Дўстларингизга улашинг: