3 декабрь – тарихда биринчи юрак кўчириш операцияси бажарилган сана

Бундан 52 йил муқаддам айнан шу санада Жанубий Африка Республикасида инсоният тарихида илк бора муваффақиятли юрак кўчириш операцияси бажарилган эди. Бу ҳақда «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов ҳикоя қилади.

52 йил олдин уч марта инфарктни бошдан ўтказган 55 ёшли бемор Луис Вашканский кардиожарроҳ Кристиан Барнард томонидан ўз танасида юрак кўчириш операцияси бажарилишига розилик берди. Чунки учинчи оғир инфарктдан кейин шундоқ ҳам унинг атиги бир неча кунлик умри қолгани тайин эди. Унга яқиндагина автомобиль ҳалокатида фожиали вафот этган 25 ёшли қиз – Дениза Дарвалнинг юраги кўчириб ўтказилди. Бемор операциядан кейин яна 18 кун яшади ва бошқа сабаб – икки ёқлама пневмония сабабли вафот этди. Кардиожарроҳнинг иккинчи мижози кўчириб ўтказилган юрак билан бир ярим йил яшаган бўлса, учинчиси йигирма йилдан зиёд яшаб, кейин вафот этди.

Албатта, юрак кўчириш операцияси ҳам ташкилий, ҳам физиологик жиҳатдан анча мураккаб кечган ва бундай бўлиши кутилган эди. Врачлар Вашканскийга мос донор топиш учун ЖАР ҳукумати қўйган турли бюрократик ва ижтимоий тўсиқларни енгиб ўтишларига тўғри келди.

Ўша йиллари бу мамлакатда оқ танлилар ва қора танли аҳоли ўртасида кучли ирқий муросасизлик мавжуд эди. ЖАРдаги сиёсий тузум оқ танлилар учун қора танлиларнинг органларини кўчириб ўтказишни тақиқлаган, врач Барнард бу муаммо билан аввал ҳам тўқнаш келган, яъни қора танли фуқаронинг буйрагини оқ танлига кўчириб ўтказгани учун жуда қаттиқ таъқиб остида қолган эди. Уни қора танлилар устида тажриба олиб борганликда айблашганди. Шунга кўра, Вашканскийга мос донор топишнинг ўзи амри маҳол эди. Чунки бу даврда ЖАРда оқ танли аҳоли атиги 20 фоиз бўлган бўлса, ундан ҳам катта муаммо – шу кам сонли одамлар ичидан бемор билан қон гуруҳи мос келадиган донор топиш эди. Биров учраган кутилмаган бахтсиз ҳодиса Вашканский учун кутилган бахтни тақдим этди. Банк ходимаси бўлиб ишлаган 25 ёшли аёл Дениза Дарваль юраги барча кўрсаткичлар бўйича Вашканскийга мос бўлиб чиқди.

Ҳаммаси энди марҳуманинг яқинларининг розилигига боғлиқ бўлиб қолган эди. Шунда Денизанинг отаси ўзи учун жуда қийин, аммо бутун инсоният учун муҳим қарорни қабул қилди. У «Қизимни қутқара олмадик, ҳеч бўлмаса шу эркакни қутқаришга уриниб кўрайлик…» деди.

Барча тайёргарликдан сўнг 1967 йилнинг 3 декабрида Гроот-Шур касалхонасида кардиожарроҳ Барнард беморининг кўкрак қафасини ёриш орқали операцияни бошлади. Шунда у кутилмаган ва аввал эътиборга олинмаган муаммога йўлиқди: марҳуманинг юраги ҳажман кичик, беморнинг кўкрак қафаси кенгроқ экан. Шунга қарамай, у операцияни бир амаллаб ниҳоясига етказди.

Амалиёт 5 соатдан сал кўпроқ давом этди. Бу тарихий операция натижасини жуда кўпчилик юрак ҳовучлаб кутар эди. Барнард жарроҳлик хонасидан ёруғ юз билан чиққач, бутун дунё бўйлаб минглаб юраги хаста одамларга умид бағишлаган амалиёт муваффақиятли ўтгани эълон қилинди.

Ушбу тарихий операция кўп жиҳатдан катта синов операцияси эди. Бунгача жарроҳлар ит ва маймун юрагини кўчириб ўтказиш амалиётини бажарган; одам танасида тажриба қилиб кўриш жуда катта хатар ва масъулият талаб қилгани учун унча-мунча врач бунга журъат қилмаган.

Барнард Вашканскийдан кейин Филипп Блайберг исмли беморга ҳам юрак кўчирди. Юқорида айтилганидек, у бир ярим йил яшади. Дирк ван Зил исмли бемор эса 1971 йилда юрак кўчириш амалиётини бошдан ўтказди. У ҳисоб бўйича учинчи эди. Дирк ван Зил яна 24 йил умргузаронлик қилди.

Умуман олганда, 1968 йилдаёқ дунё бўйлаб юзга яқин юрак кўчирилиши бажарилган эди. Ҳозирда бутун дунё бўйлаб етакчи клиникаларда ҳар йили минглаб юрак трансплантацияси амалиёти бажариб келинмоқда. Хусусан, биргина АҚШнинг ўзида 3 191 марта юрак кўчирилиши бажарилган.

Дўстларингизга улашинг: