Оналар ўлимининг ярми шифокорга вақтида мурожаат қилмаслик билан боғлиқ

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова оналар ва болалар саломатлиги масаласига бағишлаб Тошкентда ўтказилган анжуманда мамлакатда оналар ўлимининг ярми шифокорга вақтида мурожаат қилмаслик билан боғлиқ эканини айтди.

Боситхонованинг сўзларига кўра, ҳомиладор аёлларнинг ўз соғлигига эътиборсизлиги ва шифокорга кеч мурожаат қилиши туфайли 45-50 фоиз ҳолатларда оналар ўлими кузатилади.

«Шунингдек, бугунги кунда шифохоналарда бемор болалар кўпайиб кетишини бирламчи тизимда — оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида участка педиатрлари йўқлиги билан изоҳлаш мумкин. Ваҳоланки, мамлакатнинг 33 фоиз аҳолисини 18 ёшгача бўлганлар ташкил қилади», — деди Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари.

Шу ой ўрталарида жаҳон мамлакатлари етакчилари Найробида ўтказилган халқаро анжуманда олди олиниши мумкин бўлган оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни 2030 йилга қадар батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам ушбу мажбуриятларни белгиланган муддатда бажаришга аҳд қилган.

Дўстларингизга улашинг: