Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан қанча киши яшайди?

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан анжуман ўтказилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури – ЮНЭЙДС ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги раҳбари Виней Салдана, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш қўмитасининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов ва бошқалар ОИВ инфекцияси бўйича мамлакатимиздаги мавжуд вазият, амалга оширилаётган ишлар ва бунда халқаро ва нодавлат ташкилотларининг роли борасида сўз юритди.

Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани, 2018 йилда қабул қилинган соҳага оид Президент қарорлари ОИВ диагностикаси соҳасида янги сифат даражасига эришиш, инфекцияни эрта аниқлаш, ўз вақтида профилактика чораларини ва ОИВ инфекцияси билан яшаётган одамларга тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ОИВ инфекциясига қарши кураш бўйича мамлакатнинг дунё ҳамжамияти олдидаги халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга кўмаклашаётгани таъкидланди.

Шунга қарамай, ОИВ инфекциясига қарши кураш ва эпидемияга самарали жавоб бериш давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик, жумладан, фуқаролик жамияти учун долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Мутахассислар сўзларига кўра, бугунги кунда юртимизда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар сони 41 мингдан ортиқ. Уларнинг 57 фоизини эркаклар, 43 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

– Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни барча ҳамкорлар учун миллий ва маҳаллий даражада ОИТС тарқалишига қарши курашда фуқаролик жамиятининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаш учун яна бир имкониятдир, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Бозоров. – Анжуманда муҳокама этилган масалалар аҳолининг ОИВ инфекцияси билан касалланиши олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва унинг кенг тарқалиб кетишига қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш, ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларга оид муаммоларни бартараф этиш орқали уларнинг меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш, касалликни бошқаларга юқтириш хавфини камайтиришга фуқаролик жамиятларининг ҳисса қўшиш имкониятини оширишга ёрдам беради.

Дўстларингизга улашинг: