Дунё миқёсида диализ хизматлари учун ўртача 75 доллар сарфланар экан. Бизда-чи?

Қандли диабет, турли хил заҳарланишлар инсонларда буйрак етишмовчилиги касаллигини келтириб чиқаради. Айни вақтда дунёда бундай беморлар сони ортиб бормоқда. Ўз -ўзидан сунъий буйрак аппаратларини қўллаш ва қонни тозалаб берадиган турли хил технологиялардан фойдаланиш эҳтиёжи юзага келмоқда. Бунда эса беморларнинг танасида пайдо бўладиган турли заҳари таксин моддаларни сунъий буйрак орқали ўтказиб, қонни тозалаб бериш вазифасини ўтайдиган даволаш усули- диализ хизматидан иборат.

Айни вақтда Ўзбекистонда юқори сифатли диализ хизматларини йўлга қўйиш учун давлат-хусусий шериклиги лойиҳаси доирасида тендер ўтказилмоқда. Бу билан нима ўзгаради? Қайси ҳудудларда марказлар ташкил этилиши мўлжалланмоқда?

– Юртимизда гемодиализ оладиган 2 минг 700 нафардан ортиқ беморлар бор, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ДХШ ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Камолхўжа Эшназаров. – Агарда янада чуқур текширишлар ўтказсак ва кундалик эҳтиёжларни ҳисобга олсак бу рақамлар йилнинг охирига қадар 5 мингдан ошиши мумкин.

Аслида диализ хизматлари учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар унчалик ҳам кам эмас. Шунга қармай эҳтиёжни тўла қоплайди деб айтолмаймиз. Мисол учун, турли омилларни ҳисобга олган ҳолда бир бемор учун 30-40 доллар сарфланмоқда. Лекин, мутахассисларнинг қандай ишлаётган ёки кўрсатилган текширувлар асосида бу нарх ўзгариши мумкин. Дунё миқёсида, мисол учун Корея, Россия, Европа давлатларининг гемодиализ хизматлари ўрганилганда ўртача 75, ҳатто 100 доллардан ортиқ маблағ сарфланишига гувоҳ бўлдик.

Биз ҳам хизматлар сифатини янада ошириш ва бюджет маблағларини тежаш мақсадида тендер ўтказиш борасида хорижий давлатларга эълон бердик. Ўрганишларимиз дунёда диализ аппаратлари ишлаб чиқаруви ва хизмат кўрсатувчи йирик давлатлар борлигини кўрсатди. Мисол учун, Япониянинг йирик компаниялари ускуналар ишлаб чиқаради, лекин беморларга хизмат кўрсатмайди. Баъзи давлатлар аппаратларни харид қилгани билан хизмат кўрсатиш борасида катта тажрибага эга. Биз уларнинг ҳар бирига имкон бердик.

Лойиҳа доирасида диализ марказлари Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ДХШкўмагида ташкил этилади. Шу тариқа бир марталик диализ аппаратларини ишлатиш, беморларни диализдан олдинги ва кейинги ҳолатини баҳолаш бўйича тизим яратилади.

Бунда амалга оширилган ҳар бир даволаш электрон тизим орқали онлайн равишда барча ҳудудларда, жумладан, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигида очиқ ойдин кўриниб туради. Шу тариқа навбатдаги сеансларни ўтказиш вақти, беморларнинг танлашни оқилона ва одилона тизми яратилиши мўлжалланмоқда.

Айни вақтда тендерда жаҳонда диализ бўйича бешта энг йирик глобал инвесторлар сафига кирадиган олтита халқаро оператор Германия, Швейцария, Швеция, Туркия ва Ҳиндистондаги компаниялар иштирок этмоқда.

ЎзА

Дўстларингизга улашинг: