Фарғоналик ҳамшира йилнинг энг яхшилари қаторида

Бу йил иккинчи марта ўтказилаётган энг яхши шошилинч тиббий ёрдам хизмати ҳамшираси республика кўрик танлови ҳам ҳамшираларнинг малакасини ошириш, соҳада орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган  муҳим тадбирлардан биридир.

Суратда: (чапда) Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали педиатрия бўлими ҳамшираси Гуландон Набижонова

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабарига кўра, танловнинг республика босқичида вилоят босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчи тўртта шарт бўйича ўзаро беллашди. Биринчи шарт шошилинч вазиятларда беморларга ҳамширалик ёрдамини ташкил этишга йўналтирилди. Танловнинг асосий тантанали қисмида эса ҳамширалар тиббиёт билан бир қаторда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, ижодий мавзулар бўйича ўзаро белллашди.

Танловда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази  2-шошилинч кардиология ва терапия бўлими ҳамшираси Гулчеҳра Эргашева биринчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали педиатрия бўлими ҳамшираси Гуландон Набижонова иккинчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали неврология бўлими ҳамшираси Гулрухсорбегим Равшанова учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар фахрий ёрлик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг