Эл дуосин олган шифокор

Ёзёвон тумани  соғлиқни сақлаш тизимида ўз  меҳнати билан одамлар тилига тушган, эл дуосин олган шифокорлар ҳақида гап кетганда туман тиббиёт бирлашмаси анестезиология-реаниматология бўлими мудири Хомитжон Саримсоқов номини алоҳида ҳурмат билан тилга олинади.

Қаҳрамонимиз ўзининг 40 йиллик меҳнат фаолияти давомида нафақат билими, балки одамийлиги билан ҳам беморлар дардига шифо бўлиб келмоқда. Ана шу фазилатлар ўз рўёбини топиб, тиббиёт ходимларининг касб байрами арафасида Президентимиз фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

— 1977 йили Ўрта Осиё медицина педиатрия институтини битириб Ёзёвонда иш бошлаганман, — дейди қаҳрамонимиз. —Шунга ҳам мана қирқ икки йил бўлибди. Шу давр ичида қанчалаб беморлар дардига дармон бўла олган бўлсам ўзимни бахтиёр инсон деб биламан. Меҳнатларимни қадрлаб, юксак унвонга тавсия қилган жамоадошларимдан, касбим тақазоси билан қийинчиликларга учраган пайтларимда менга тиргак бўлган онам,  турмуш ўртоғим ва фарзандларимдан миннатдорман.

Хомитжон Саримсақов анестезиология реаниматология бўйича ўз билимларини муттасил ошириб келмоқда. Даволашнинг замонавий усуллари, анестезиологияда акушерлик ва гинекология мавзуси, травмотология ва нейрохирургияда интенсив даволаш, реанимация ва анестезия ўтказиш йўналишларида малака ошириш курсларидан ўтган. Тўплаган билимини эса амалиётда қўллаб, оғир аҳводаги беморларни ҳаётга қайтаришда яхши натижаларга эришмоқда.

Ҳозирда у раҳбарлик қилаётган бўлимда 4 нафар шифокор, 35 нафар ҳамширалар, 21 нафар кичик тиббий ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Қаҳрамонимиз ёш ходимларга ўз билим ва тажрибаларини ўргатиб, ёшларнинг севимли устозига ҳам айланган.

Саримсақовлар хонадонида ўсиб-улғайган уч қиз, бир ўғил ҳам олий маълумотли. Қизлари ўқитувчилик касбини танлаган бўлса, ўғли Тошмуҳаммад ота касбининг давомчиси сифатида шифокор бўлиб етишди. У айни пайтда туман марказий шифохонасининг терапия бўлимида ишлаб, ёзёвонликларнинг  меҳрини қозониб бормоқда.

– Ўзимни армони йўқ инсонлардан деб биламан, – дейди Хомитжон Саримсоқов Сабаби, Ёзёвонда обрў-эътибор топган оила фарзандиман. Орзуимдаги касб эгаси бўлиб,  озми-кўпми халқ корига яраяпман. Фидойи турмуш ўртоғим, намунали фарзандларим бор. Жўрабой Буваев, Мухторали Мирзақулов, Жўрабой Эминов каби устозларим борлигидан фахрланаман. Мен шифокорман, одамларнинг дардига дармон бўлсам, уларни соғлом ҳаётга қайтар олсам, шу энг олий бахтимдир.

Исҳоқжон КАРИМОВ

Абдувосит СИДИҚОВ

Дўстларингизга улашинг: