Фарғоналик тиббиётчилар футбол бўйича республика турнири совриндори

Тиббиёт ходимларининг бу йилги касб байрами арафасида фарғоналик соҳа ходимлари спорт йўналишида ҳам катта муваффақиятга эришдилар.

Тошкент шаҳрида тиббиёт ходимлари ўртасида ўтказилган “DIFF Uzbekistan Medical football Cup 2019” мусобақасида фарғоналик врачлардан иборат терма жамоа фаол иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритишди.

Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан жами 14 та жамоа иштирок этган мазкур нуфузли мусобақада фарғоналик тиббиётчилар нафақат ўз соҳаларида, балки футболда ҳам тенгсиз эканликларини амалда исботлаб, деярли барча рақибларини мағлубиятга учратишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида эса уларни шарафлашга бағишланган алоҳида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи Одилжон Умаров футболчиларимизни эришилган бу муваффақият билан самимий табриклаб, уларга бошқарманинг Фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғаларини топширди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоят терма жамоасини шакллантириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг хизмати беқиёс бўлди. Шуни инобатга олиб, бошқарма бошлиғи уюшма раиси Шоҳида Каримовага ҳам самимий миннатдорчилик билдирди ва Фахрий ёрлиқ билан мукофотлади.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, ҳар йили соҳа ходимлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур нуфузли мусобақага келгуси 2020 йилда вилоятимиз мезбонлик қилишлари тўғрисида айтиб ўтилди.

Ўтган йилнинг 10-15 октябрь кунлари Самарқанда шаҳрида шифокорлар жамоалари ўртасида футбол бўйича Республика турнири ўтказилиб, унда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган  шифокорларимиз фахрли учинчи ўринни қўлга киритган эдилар.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Дўстларингизга улашинг: