Алишер Шодмонов тиббиёт соҳасида муаммолар кўплигини тан олди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланди.

Фото: kun.uz

Мажлисда депутат Абдурашид Абдуқодиров Ўзбекистон фуқаролари нефрология ва гемодиализ муолажасини олишда муаммоларга учраётгани, жумладан, буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморлар ана шундай муолажани олиш учун узоқ йиллар навбатда туриб қолаётганини таъкидлаб, ҳукуматдан мазкур масала юзасидан изоҳ сўради.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан ҳали тиббиёт соҳасида муаммолар кўплигини тан олди. Унинг айтишича, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 7 декабрдаги фармони билан тасдиқланган 2019–2025-йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган йўналишлар ичида нефрология ва гемодиализ масаласи ҳам бор.

«Ўзбекистон президентининг 2018 йил 12 июлдаги қарори билан Республика нефрология, гемодиализ ва трансплантология маркази ташкил этилди. Бу ерда қурилиш ишлари олиб бориляпти ва Кувайт араб иқтисодий ривожланиш жамғармасидан олинган кредитлар ҳисобидан Республика нефрология, гемодиализ ва трансплантология маркази ва ҳудудлардаги бошқа тиббиёт муассасалари мана шу йўналишдаги жиҳозлар билан таъминланмоқда. Тиббий жиҳозлар шу йилдан келишни бошлаган бўлиб, 2020 йилнинг августигача республика бўйича таъминот тўлиқ якунланади», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Соғлиқни сақлаш вазири мана шу йўналишдаги беморларга ёрдам бериш учун республикада трансплантология масаласи йўлга қўйилганига икки йил бўлганини, трансплантация қилинган беморлар бюджет ҳисобидан зарур дорилар, иммуносупрессорлар билан тўла таъминланганини таъкидлади. Алишер Шодмоновнинг ишонтиришича, мазкур йўналишдаги беморлар эътиборда, бу борада ишлар олиб бориляпти, муаммолар кетма-кетлик билан ҳал қилинмоқда.

 

Дўстларингизга улашинг: