Вегетарианлар нега гўшт емайди?

Дунё ажойиботлар билан бирга ажойиб ва ғаройиб одамлар билан ҳам қизиқ туюлади. Ана шундай одамлар тоифасидан бири вегетарианлардир.

Фото: mirprognozov.ru

Вегетарианлик ҳайвон ва парранда гўштидан, сув олами ҳайвонлари гўштидан воз кечиб, фақат ўсимлик, мева-сабзавот ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиб юрувчи одамларга нисбатан қўлланиладиган атамадир.

Вегетарианликни танлаган одамлар уни турли сабабларга кўра танлаган бўлиши мумкин. Кимдир диний қарашлари, яна кимдир тиббиёт, экология, иқтисод тарафдан бу танловга келади. Ҳар бир киши нима сабабдан вегетарианликни танлагани таҳлил қилинса, уларнинг аксарияти ҳайвон ва паррандаларни ейиш учун ўлдириш, денгиз ҳайвонларини ейиш учун овлашни ваҳшийлик деб тушунишини айтади. Айниқса дунёга машҳур вегетарианларнинг аксарияти бу йўлни шу туфайли танлаганини айтади.

«Вегетариан» атамаси инглизча vegetable – «сабзавот» сўзидан келиб чиққан. Лекин аксарият вегетарианлар бу сўзни лотинча vegetus – «тетик», «тирик» маъноларини берувчи сўз билан боғлайди. Бу атама 1847 йилда Буюк Британия Вегетарианлар жамияти тузилгандан сўнг машҳур бўлди ва кенг қўлланила бошланди.

Вегетарианларнинг энг ашаддийлари ҳайвон ва парранда гўшти, денгиз ҳайвонлари маҳсулотларига қўшиб ҳайвонлардан олинадиган сут маҳсулотлари, тухум, ҳатто асал ҳам емайди. Улар хоҳ қуруқликда яшасин, хоҳ денгизда, хоҳ очиқ ҳавода, ҳар қандай ҳайвон ва парранда, денгиз ҳайвонлари, ҳашаротлар ва уларга дахлдор ҳеч нарсани истеъмол қилмайди. Бу тоифа вегетарианлар фақат ўсимликлар ва мева-сабзавотлар билан озиқланади. Улар «веган» деб аталади.

Вегетарианларнинг яна бир тоифаси (улар ўзларини ҳақиқий вегетарианлар деб билади) фақат ҳайвон ва парранда, денгиз ҳайвонлари маҳсулотларининг гўштини емайди. Ўсимлик ва мева-сабзавотга қўшиб ҳайвон ва паррандалардан олинадиган сут маҳсулотлари ва тухумни ейди.

Шунингдек, вегетарианлар кундалик яшашида ҳам ҳайвонлар териси билан боғлиқ ҳеч қандай буюмларни ишлатмайди, ҳайвонлар терисидан ёки табиий матолардан тикилган бўлса-ю, бир четида ҳайвонлар териси ишлатилган бўлса, бундай маҳсулотларни умуман ишлатмайди. Паррандалар паридан иборат буюмларни ҳам ишлатмайди. Асосан табиий ва сунъий матолардан тикилган кийимларни кияди, буюмларни ишлатади.

Шунингдек, улар ҳайвонлар таркибида бўладиган турли моддалар қўшиб тайёрланган дори-дармонлардан фойдаланмайди.

Бугун дунёнинг айрим давлатларида аҳолининг 5 фоизидан 10 фоизигача вегетарианлар ҳисобланади. Булар Бразилия, Исроил, Италия, Германия, Буюк Британия, Испания, Франция, Австралия, Янги Зеландия, АҚШ каби мамлакатлардир. Энг қизиғи, вегетарианларнинг учдан икки қисми аёлларни ташкил этади.

Бугун дунёнинг аксарият мамлакатларида вегетарианлар учун алоҳида ресторанлар, қаҳвахоналар ва бошқа овқатланиш шохобчалари очилган. Уларда вегетарианлар учун асосан ўсимликлардан, мева-сабзавотлардан овқат тайёрлаб берилади.

Бугунги кунда дунёдаги кўплаб машҳур инсонлар, актёрлар, таниқли ишбилармонлар, маданият ва санъат аҳллари вегетарианлик ҳаёт тарзини танлашган.

Дўстларингизга улашинг: