Фарғонадаги боғчада 20 га яқин бола овқатдан заҳарлангани ростми?

Фото: bryansk.aif.ru

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга — «Боғчанинг 20 га яқин боласи овқатдан оммавий заҳарланди» номли мақоласига расмий муносабат билдирди.

Мақолада 2019 йил 23-24 октябрь кунлари Фарғона шаҳридаги 9- мактабгача таълим муассасасида овқатдан заҳарланган 20 нафарга яқин тарбияланувчи вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилганлиги ҳақида хабар тарқатилган.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ДСЭНМ мазкур ҳолатни пухта ўрганиб, қуйидагиларни аниқлади.

Ҳақиқатан ҳам, 23 октябрь куни Фарғона шаҳар А.Навоий кўчаси 50 «Б»-уйда жойлашган 9-сонли мактабгача таълим муассасасининг 4 нафар тарбияланувчилари Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг қабул бўлимига кўнгил айниши, қоринда оғриқ, ичнинг бироз бузилиши шикоятлари билан мурожаат қилишган ва  мутахассислар томонидан уларга “ўткир диарея, алиментар этиология” ташҳиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, 24 октябрь куни юқоридаги мактабгача таълим муассасасидан яна 5 нафар тарбияланувчи мазкур шифохонага иштаханинг йўқлиги ва бир оз кўнгил айниши шикояти билан мурожаат қилишган.

Бугун 25-октябр кеч соат 21-05 да 1 нафар бемор хам кўнгил айниши ва ич кетиши шикояти билан мурожаат этган. Бемор тиббиёт ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, у ҳам шифохонага жойлаштирилган.

Жами 10 нафар бемор болалар ҳозирги кунда шифохонада ётиб даволанмоқда. Уларнинг умумий ҳолати қониқарли бўлиб, 8-нафарининг умумий ҳолати стабиллашиб кўнгил айниши, қорин сохасидаги оғриқлар ва ич кетиш ҳолатлари кузатилгани йўқ. Фақат 2 нафар беморда тана ҳароратини 37.5 -37.8 гача кўтарилганлигини хисобга олиб шифокорлар томонидан тегишли муолажалар стандарт асосида олиб борилмоқда. Шифохонада дори-дармон, реактив ва сарфлов воситалари бўйича муаммолар йўқ.

Бундан кўриниб турибдики, шифохонага мурожаат қилган беморлар “Озодлик”чилар ёзганидек 20 нафарга яқин эмас, аслида 10 нафарни ташкил этади.  Уларнинг умумий ҳолати ҳам қониқарли, яъни енгил даражада бўлиб, мақолада ёзилганидек «ўрта оғирликда» эмас, эрта-индин уйларига руҳсат берилиши аниқ.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, бемор болалардаги ҳолат ўткир диарея, алиментар этиология ҳасталигининг белгилари бўлиб, соҳа мутахассисларининг фикрича бу овқатдан заҳарланиш ҳисобланмайди.

Мактабгача таълим муассасасида содир бўлган ҳолат Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ДСЭНМ томонидан назоратга олинган бўлиб, муассасанинг ўша кунги таомномаси бўйича лаборатория текширувлари олиб борилмоқда.

Дўстларингизга улашинг: