ЖССТ: Қандли диабет XXI аср эпидемияси

Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги 425 миллиондан ортиқ одам диабет билан оғримоқда, уларнинг аксариятини 2-тур қандли диабет ташкил қилади. Энг ачинарлиси, уларнинг ҳар иккинчиси ўз касаллиги ҳақида билмайди. Ушбу муаммонинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қандли диабетни XXI аср эпидемияси, деб эълон қилган.

Ўзбекистонда диабетли беморлар сони 245 мингдан ошган бўлиб, уларнинг 2,3 мингдан ортиғини болалар ва 879 нафарини ўсмирлар ташкил қилади. Мутахассислар мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида ўтказилган скрининг натижаларига кўра, аслида диабетли беморлар сони расмий статистикадагидан анча кўп бўлиши ҳам мумкинлигини айтишмоқда. Бу эса эндокринологларни ушбу масалага жиддий ёндашишга, касалликни эрта аниқлаш, даволашнинг инновацион усуллардан фойдаланишга ундайди.

Пойтахтимизда ўтказилаётган “XXI аср қандли диабети. Глобал муаммолар. Маҳаллий ечим” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг мақсади ҳам қандли диабет муаммосига эндокринолог, неврапотолог, окулист, қон-томир жарроҳи каби мутахассисларнинг эътиборини жалб қилиш ва биргаликда ягона, замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш, тажриба алмашишдан иборат. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Ўзбекистон эндокринологларининг миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда юртимиз эндокринологлари билан биргаликда Россия, АҚШ, Грузия ва Украинанинг шу соҳадаги етук мутахассислари иштирок этмоқда.

Дўстларингизга улашинг: