Нурмат Отабеков: “Тизимли назоратни йўлга қўйишимиз керак”

Ҳукумат қошидаги янги инспекция бошлиғи Нурмат Отабеков Сенатда сўз олиб, оммавий заҳарланиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

«2019 йилнинг 10 ойи ичида 28та оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Натижада 424 киши жабрланди. Энг ачинарлиси, жабрланганларнинг 206 нафари – болалар. Айнан таълим муассасаларида 11та ҳолат кузатилиб, уларда 333 киши жабрланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги инспекция ва ССВ ҳузуридаги агентлик фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг иккита қарори лойиҳаси тайёрланган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, овқатдан заҳарланиш ҳолатларига овқат тайёрланадиган жойда санитария-гигиена талабларига умуман риоя этилмаслиги биринчи сабаб бўлса, иккинчиси – овқат уни тайёрлаш жараёни технологиясини билмайдиган ва таббий кўрикдан ўтмаган шахслар томонидан ёки сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан тайёрланишидир.

Биз санитария меъёрларининг бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан чораларни бирмунча кучайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, қандайдир тизимли назоратни йўлга қўйишимиз керак бўлади. Бу тизим нафақат назорат қилувчи, балки эргаштирувчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи тизим бўлиши лозим», – дея қайд этди Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария инспектори.

Дўстларингизга улашинг: