Илмий-амалий семинар кўтаринки руҳда ўтди (фото)

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Фарғона шаҳри ва Бешариқ туманларида тиббиёт тизимини намунали ҳудудга айлантириш ишларининг якунига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинар Бешариқ туманидан бошланди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алиханов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, вилоятдаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари, мутахассислари, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва бошқа тиббиёт соҳаси мутасаддилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тантанали очилиш маросимида сўз олган мутасаддилар Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар, шу жумладан, Бешариқ тумани ва Фарғона шаҳрида йўлга қўйилган намунали тизим ҳақида сўз юритдилар.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Бешариқ туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника,  14-сонли оилавий поликлиника, туман тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган намунали ишлар, жорий этилган янгиликларни кўздан кечирдилар.

Куннинг иккинчи ярмида семинар иштирокчилари Фарғона шаҳридаги 5-сонли оилавий поликлиникада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, тиббиёт ходимлари ва шифокорлар билан самимий мулоқот қилишди.

Бундан ташқари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали дорихонасида йўлга қўйилган намунали тизим ва марказда амалга оширилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётлари юзасидан маҳорат дарсларини ҳам кузатдилар.

Семинар якунида кўргазмали йиғилиш ўтказилди. Унда Фарғона вилояти тиббиётида амалга оширилаётган намунали ишлар ҳақида ҳикоя қилувчи махсус видеоролик ва презентация намойиш этилди.

Семинар иштирокчилари Бешариқ тумани ва Фарғона шаҳрида йўлга қўйилган намунали ишларга юқори баҳо бердилар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Дўстларингизга улашинг: