Ўзбекистонда кўрсатилаётган перинатал ёрдам халқаро стандартларга жавоб беради

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Перинатал тиббиётнинг долзарб муаммолари” мавзусида I халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, ЮНФПА экспертлари, Россия, Германия, Украина, Қозоғистон сингари давлатларнинг соҳа мутахассислари ҳамда юртимиздаги илмий-амалий тиббиёт марказларининг олимлари, даволаш муассасалари шифокорлари иштирок этмоқда.

Aнжуман перинатал ёрдамни минтақалаштириш, оналар ўлими, акушерликдаги ҳолатларнинг инқирозли аудити, “асосий акушерлик синдромлари”нинг долзарб муаммолари, фавқулодда вазият ва замонавий акушерликда кесарча кесиш амалиётига бағишланди. Шунингдек, унда неонатологиядаги долзарб муаммоларидан саналган кам вазнли болаларни парвариш ва реабилитация қилиш, ҳомила ва янги туғилган чақалоқларнинг ҳаётини жарроҳлик амалиёти ёрдамида сақлаб қолиш, уларда эндоскопик жарроҳлик муолажалари ўтказиш, неонатал сепсис, ҳомиланинг туғма нуқсонларида малакали акушерлик ёрдамини кўрсатиш ва бу жараёнда бевосита ҳамшираларнинг ҳам муносиб иштирокини таъминлаш сингари муҳим масалалар кенг муҳокама қилиняпти.

Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов сўзга чиқди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар юртимиз перинатал хизмати тизимида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Буни юртимизда 2002 йилда ташкил этилган Республика перинатал маркази фаолияти мисолида яққол кўришимиз мумкин. Мамлакатимизда перинатал ёрдамни ташкиллаштириш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларидаги туғруқ мажмуалари вилоят Перинатал марказларига айлантирилди. Aйни пайтда мамлакатимизда 17 та ана шундай вилоят перинатал марказлари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Республика перинатал марказида ҳудудлардаги барча туғруқхоналарда перинатал ёрдам кўрсатиш бўйича маълумотларни йиғиш учун электрон тизим жорий этилмоқда.

Ноёб операциялар амалга оширилаётган ушбу марказда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ва ҳатто қўшни давлатлардан келган беморлар ҳам қабул қилинмоқда. Энг сўнгги ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган ҳамда ходимлари катта тажрибага эга марказда замонавий даволаш усулларидан кенг фойдаланилмоқда.

ЖССТ экспертларининг фикрига кўра, марказнинг моддий техника-база билан таъминлангани ва бу ерда кўрсатилаётган перинатал ёрдам халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. РПМ оналар ва янги туғилган чақалоқларга ихтисослашган ёрдам кўрсатади. Унинг негизида Республика ўқув тиббий-услубий маркази ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Республика перинатал марказида ҳар йили ўртача 6000 нафар чақалоқ дунёга келади. Уларнинг 38 фоизи пойтахтга ва 62 фоизи унинг ҳудудий филиалларига тўғри келади. Бу ерда, шунингдек, акушерлик ва гинекология, неонатал жарроҳлик йўналишларида даволашнинг инновацион усулларидан фойдаланилаётгани ҳам эътиборга молик.

Малакали кадрларнинг самарали фаолиятини таъминлаш марказ олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Ўтган йил марказнинг бир гуруҳ шифокорлари дунёнинг тиббиёти ривожланган давлатлари Россия, Германия, Италия, Франция, Хитой, Туркия сингари етакчи давлатларидаги нуфузли клиникаларда малака ошириб қайтгани ана шу саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Анжуманда ҳомиладорлик, туғиш, туғруқдан кейинги даврда ва янги туғилган чақалоқларда аёлларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш доимий равишда давом етиб, ривожланиши лозимлиги таъкидланди.

Дўстларингизга улашинг: