Яхшиликка ёмонлик(ми)?

Сўнгги пайтларда тез ёрдамга чақирилган тиббиёт ходимларини ҳеч қандай сабабсиз ноҳақ ҳақоратлаш, уларга қўл кўтариш, тазйиқ ўтказиш каби салбий ҳолатлар тез-тез содир бўлмоқда.

Шундай бўлишига қарамай кўпгина шифокорлар андишага бориб бу тазйиқлар бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилаверишмайди.

Масалан, Асака туманида тиббий ёрдам фельдшери калтакланиб,  тез тиббий ёрдам автомашинасига зарар етказилгани ёки Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам ходими чақирувга борган пайтда беморнинг яқинлари томонидан тажовуз қилингани ҳақидаги хабарларни сўнгги кунларда тез-тез ОАВ орқали эшитиб, кўриб турибмиз.

Минг афсуски, ана шундай салбий ҳолат Қўқон шаҳрида ҳам кузатилди. Энг ёмони, бу сафар беморнинг яқинлари тез ёрдам шифокорига пичоқ ўқталиб, унга тан жароҳати етказди.

Шу ўринда ўйга толасан киши: ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, ўзгалар ҳаётини сақлаб қолиш учун борган одамга тазйиқ ўтказиш бу инсофданми? Ахир у сизга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлиб бордику.

Бундай салбий ҳолатлар эл дардига дармон бўлаётган шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш вақти аллақачон келганидан далолат беради.

Шу сабаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов шифокорларга тажовуз қилиш каби иллатни олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш баробарида уни назоратга олиш кераклиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди.

Маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатимизда шошилинч тиббий ёрдам хизматига аҳолидан 10 миллиондан кўпроқ мурожаатлар тушади ва уларга беминнат хизмат кўрсатилади.

Кейинги икки йил ичида давлат бюджетидан соҳа учун қарийб 1500 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди.

Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатади. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини кузатсак, уларда 20-25 минг кишига битта махсус автотранспорт воситаси тўғри келади. Демак, бу жиҳатдан мамлакатимиз тиббиёти халқаро андозалар даражасига кўтарилди.

Айни пайтда тез ёрдам автопаркини замонавийлаштириш ишлари тизимли давом этмоқда. 2021 йилгача «Дамас» автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андазалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди, Фарғона вилоятидаги мавжуд 276 та тез ёрдам машиналари  тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизими билан таъминланди, жорий йил якунига қадар қулай алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланиши белгиланган.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам сўнгги 3 йилда қарийб 3 баробарга кўпайди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди.

Бундай ислоҳотлар ва яратилаётган қулайликлардан мақсад нима? Албатта, ҳаммаси халқимиз саломатлигини асраш, аҳолига малакали тиббий хизмат, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида қилинмоқда.

Сизга ёрдам кўрсатаман деб хонадонингизгача кириб борган тиббиёт ходимига тазйиқ ўтказиш эса давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликларга нисбатан ношукурлик ёхуд халқона қилиб айтганда “яхшиликка-ёмонлик” эмасми?

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Дўстларингизга улашинг: