Фахрийлар эъзозда

1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган адабий тадбир вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказида бўлиб ўтди. Бу ерга шу соҳада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда пенсияда бўлган бир гуруҳ фахрийлар ташриф  буюрди.

Кеча устозларни мадҳ этувчи қўшиқлар билан бошланиб, барчага байрамона шукуҳ бахш этди. Тадбирда узоқ йиллар санитария-эпидемиология соҳасида хизмат қилган 90 ёшли Ахмадхўжа Жўрахўжаев, 85 ёшли – Тўхтасин Исмоилов, 80 ёшли Клара Халитова ва бошқалар сўз олиб, фидокорона меҳнатлари эъзозланаётганини қувонч билан гапирдилар ва ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Вилоя Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи А.Ёқубов, мутахассислар Қ.Пайғамов, Ҳ.Мамажоновлар мураббий – устоз шифокорларга узоқ йиллар сиҳат-саломат бўлишларини тилашиб, улар ўгитлари асосида фаолият олиб боришаётганликларини таъкидладилар.

Фахрийларга эҳтиром кўрсатиш тадбирида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган шу соҳа ходимлари қатнашдилар ҳамда ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Таъкидлаш зарурки, бундай учрашувлар ёш мутахассислар қалбида касбини янада эъзозлашга, фидойи бўлиб ишлашга ундайди. Шу куни гуруҳ фахрий устозлар эсдалик совғалари билан тақдирланишиб, куй-қўшиқлардан олам-олам қувончлар олишди. Уларнинг фидокорона меҳнатлари асло унутилмаслиги таъкидланиб, барчанинг қалбига шукроналик туйғуларини уйғотди.

Дўстларингизга улашинг: