Фарғона шаҳри ва Бешариқ тумани намунали ҳудудга айлантирилмоқда

Жорий йилнинг июн ойида Фарғона шаҳри ва Бешариқ тумани соғлиқни сақлаш тизимини намунали ҳудудга айлантириш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, айни кунда мазкур ҳудудларда кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, “Йўл харитаси” доирасида Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг Қиргули филиали қайта таъмирланиб, ўрнида замонавий физиотерапия бўлими ташкил этилди. Япония давлатининг кичик хажмдаги ижтимоий беғараз грант маблағлари ютиб олиниб, 85 894 АҚШ долларига Германия давлатида ишлаб чиқарилган 8 турдаги физиотерапия жиҳозлари олиб келиб, ўрнатилди. Бунинг натижасида 20 нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилгани ғоят қувонарлидир.

Фарғона шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникада кундузги шифохона ташкилланиб, жами 95,300 млн. сўмлик қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди. 5-сонли оилавий поликлиникага эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 880. 988 минг сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, рақамли ренген, УТТ, офтальмологик аппаратлар, жарроҳлик тўпламлари олиб келинди.

Шаҳардаги барча тиббиёт муассасалари биноларининг ҳолати хатловдан ўтказилиб, аниқланган таъмирталаб тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Фарғона шаҳридаги туғруқ бўлими ҳамда 3-сонли оилавий поликлиникада айни пайтда таъмирлаш жараёни давом этмоқда.

Бундай ижобий ишларни Бешариқ тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, яқинда фойдаланишга топширилди.
Марказий шифохонанинг реанимация ва туғруқхона бўлимлари олд қисмида беморларнинг яқинлари ва қариндошлари учун махсус айвонли кутиш жойлари қурилди. Туман марказий шифохонаси ҳудудида 30 сотихли автотураргоҳ ташкил этилгани ҳам тиббиёт ходимлари ва аҳоли қувончига сабаб бўлаётир.
Шунингдек, марказий шифохонадаги рентген хонасига нурдан ҳимоялаш хусусиятига эга янги замонавий эшиклар ўрнатилди. Жарроҳлик бўлими учун дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан ўтган, жарроҳлик амалиётларини чоксиз, кичик тирқишдан, ўта аниқликда ва сифатли бажариш имконини берувчи замонавий лапароскоп жамланмаси олиб келингани эса туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш имконини берди.

Кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ички ва ташқи фасад қисми тўлиқ жорий таъмирланиб, бинонинг олд томонидаги йўлакларга кафел ётқизилмокда. Ана шундай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари 14-сонли оилавий поликлиникада ҳам амалга оширилиб, муассаса қиёфаси тубдан ўзгартирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасалари моддий техник баъзасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, республикада биринчи бўлиб Фарғона вилоятидаги барча шаҳар- туман тиббиёт бирлашмалари ва вилоят марказида жойлашган йирик даволаш-профилактика муассалалари учун янги онлайн ҳисобот тизими ишга туширилди.
Бу онлайн тизимга маълумотлар бир кунда икки маротаба киритилиб, янгилаб борилади. Натижада вилоят тиббиёт муассасаларидаги ҳолатни ягона ойнада кўриш, таҳлил қилиш, муаммо юзага келганда тезкор бартараф этиш имконияти пайдо бўлди.
Бундан ташқари, Фарғона шаҳрида мавжуд поликлиникаларда электрон рўйхатга олиш тизими жорий этилди ва тиббий хизматдан фойдаланиш учун бириктирилган аҳолининг тиббий-амбулатор карталари электрон шаклга ўтказилди. Бу эса фуқароларнинг поликлиникада навбат кутиб туриши, ортиқча вақт сарфлашларининг олдини олмоқда.

Бундай ишлар Бешариқда ҳам йўлга қўйилмоқда. Электрон поликлиника тизимини ташкил килиш мақсадида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига 30 дона замонавий компьютер жамланмаси ўрнатилиб, локал сетга уланди. Марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника ва 14-сонли оилавий поликлиникага оптик толали алоқа тизимини тортиш ишлари якунланди, Wi-Fi орқали интернет тармоғига уланди. Бу эса тиббиёт муассасалари ўртасида ахборот ва маълумотларни тезкор алмашиш имкониятини беради.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Дўстларингизга улашинг: